Қатар пойтахти Доҳа шаҳрида замонавий архитектура ютуқларидан бири сифатида баҳоланаётган масжид очилди. Бу масжиднинг миноралари ноодатий кўринишга эга бўлиб, кўкка бўй чўзган бу минораларда олтин ҳарфлар билан араб ёзувидаги оятлар битилган. Бу минораларнинг баландлиги 90 метрни ташкил қилади ва иккиси ҳам Макка шаҳри томон узанган. Mасжидга қибла томонидан қаралганда, араб имлосидаги Аллоҳ сўзи юзага келади


Сайёҳлар ва намозхонларнинг қайд этишича, бу бино узоқдан космик кемани эслатади.

Ушбу масжиднинг қурилиши ишлари 2013 йилда бошланган эди. Айни вақтда мураккаб меъморий услубда қурилган, ички ва ташқи биноларга эга масжид ибодат қилувчилар учун очиқ.

Масжидда 5та асосий устун мавжуд бўлиб, бу устунлар Исломнинг 5та арконини ифодалайди.

Масжид ҳовлисида фонтан бўлиб, бу фонтанга тўрт оқимдан сув келади. Масжид ички қисмининг асосий хусусияти нур ва соя уйғунлигига боғлиқ. Ёритиш тизимининг ўзига хослиги шундаки, нур турли шаклдаги туйнуклардан ичкарига тушади ва юлдузли осмон кўринишини ҳосил қилади.

Масжидда бир вақтнинг ўзида 1800 киши ибодат қилиши мумкин. Унда аёллар ва эркаклар учун алоҳида заллар мавжуд. Бундан ташқари, бу ерда таълим учун хоналар ва кутубхона ҳам барпо қилинган.

Масжиднинг асосий биносининг ички деворлари ҳаттотлик санъати воситасида нақшлар ҳамда оятлар билан безатилган. 

Масжид деворларига Қуръон оятлари туширилган, меҳроб эса олтиндан ишланган.