LG компаниясининг янги флагман қурилмаси G4 жорий йилнинг июль ойи ўрталарига келиб Ўзбекистонда ҳам сотувга чиқарилади. Бу ҳақда Mobinfo.uz нашри хабар тарқатди.

Манбанинг ёзишича, сотувга қурилманинг оддий иккита SIM-картага мўлжалланган версияси, орқа қисми тўлиқ чарм билан қопланган тури чиқарилади. Қурилманинг чакана нархи қанча бўлиши сотувга яқин маълум бўлади, дейди LG компаниясининг Ўзбекистондаги қўллаб-қувватлаш маркази ходими.

Эслатиб ўтамиз, бошқа телефонлардан ўзининг чарм қопламаси билан ажралиб турадиган мазкур смартфон 5,5 дюйм ва 2560×1440 пикселли экран, 16 мегапикселли асосий ва 8 мегапикселли олд камера, 3 Гб тезкор ва 32 Гб ички хотира (+microSD), 3000 мА/с сиғимли аккумуляторга эга. LG G4 Android 5.1 Lollipop операцион тизимида ишлайди. Унинг ўлчамлари 148,9×76,1×6,3—9,8 мм, оғирлиги 155 граммга тенг.