«Бернли» ҳужумчиси Дэнни Ингз фаолиятини «Ливерпуль»да давом эттирадиган бўлди. «Мерсисайдликлар» сайти бу ҳақда расмий хабар тарқатди.

23 ёшли Англия терма жамоасига номзод бўлган ҳужумчи ливерпулликлар таркибига «Бернли» билан шартномаси тугагач, 1 июл куни эркин агент сифатида келиб қўшилади.

Футболчининг «Ливерпуль» билан қанча муддатга шартнома тузгани ҳозирча номаълум бўлиб турибди. Бу борада томонлар футболчи тиббий кўрикдан ўтиб бўлгач, бир тўхтамга келиши кўзда тутилган.

Маълумот ўрнида таъкидлаб ўтиш жоиз, Ингз ўтган мавсумда Англия премьер-лигасида жами 35 учрашувда майдонга чиқиб 11та гол ва 4 голли узатмани амалга оширганди.