Ўзбекистондаги 66 та корхона ва ташкилотлар 2015 йилда Халқ таълими вазирлиги қошидаги Болалар спортини рувожлантириш жамғармасига хайрия кўмаги сифатида 87,83 миллиард сўм ўтказади.

Бу ҳақда Ўзбекистон ҳукуматининг «2015 йил учун Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги қошидаги Болалар спортини ривожлантириш жамғармаси бюджети ҳамда болалар спорти, болалар мусиқа ва санъат мактаблари объектларини қуриш, реконструкция қилиш ва капитал таъмирлаш дастурларини тасдиқлаш тўғрисида»ги қарорида айтилади.

Хусусан, «Ўзбекнефтьгаз» МХК, «Ўзбектелеком» АК, «Ўзбекистон темир йўллари» ДАТЙК ва «Ўзавтосаноат» АК Жамғармага 4,75 миллиард сўмдан ажратади.

Шунингдек, минтақавий корхоналар 52,75 миллиард сўм, хорижий инвесторлар 400 минг доллар тақдим этади.

Маблағлар болалар спорти объектларини қуриш, реконструкция қилиш ва таъмирлашга йўналтирилади. 2015 йилда, қарорга кўра, 262,527 миллиард сўм 221 та объектни қуриш, реконструкция қилиш ва капитал таъмирлашга сарфланади.