Смартфон ҳарбий жиноятлар борасида далиллар тўплашга ёрдам беради

Технология 08 Июнь 2015 1510

Мобил телефонлар учун ишлаб чиқилган янги илова ихтилоф гирдобида қолган ҳудудларда истиқомат қилувчи аҳолига ҳарбий жиноятлар ҳақида маълумот тўплашга ёрдам беради. Бу ҳақда Reuters агентлиги хабар бермоқда.

Халқаро адвокатлик палатаси мутахассисларининг билдиришича, ижтимоий тармоқлар орқали тарқатиладиган видео ва фотодалилларнинг ҳақиқий эканлигини исботлаб беришнинг деярли имкони йўқ. Янги EyeWitness to Atrocities иловаси эса уларни текшириш ва саралаб олиш имконини беради.

Видеолавҳалар ва суратлар ҳуқуқ-тартибот идоралари назорати остидаги маълумотлар базасига келиб тушганга қадар илова фойдаланувчининг жойи, съёмка вақти ва санаси, шунингдек, яқин-атрофдаги Wi-Fi тармоғини текшириб кўради. Шундан сўнг фойдаланувчи маълумотларни аноним тарзда юбориш имкониятига эга бўлади. Маълумотлар базасига келиб тушган материаллар фақат ҳуқуқ-тартибот идоралари экспертлари ихтиёрида бўлади.

Таъкидланишича, илова биринчи галда ихтилофлар гирдобида қолган ҳудудлар, жумладан, Украина, Сурия ва Ироқдаги фойдаланувчиларга етказиб берилади.

Кўпроқ янгиликлар