Киев вилояти ҳудудидаги нефть омборида чиққан катта ёнғинга қарши кураш вақтида 3 нафар ўт ўчирувчи ҳалок бўлди

Жаҳон 09 Июнь 2015 1852

9 июнга ўтар кечаси Украинанинг Киев вилоятидаги Крячки қишлоғида жойлашган "БРСМ-нефть" базасида катта ёнғин бошланди.

Маълумотларга кўра, ёнғинга ушбу нефть омборида маҳсулотлар эски усулларда қайта ишланиши туфайли компонентларни аралаштириш жараёнида содир бўлган кимёвий реакция сабаб бўлган. Ҳудудда ҳовуз бўлмагани ва ёнғинга қарши тайёргарлик йўқлиги туфайли олов тарқалиб кетган.

Шу вақтгача воқеа жойида бўлган ходимлардан икки нафарининг ўлими қайд этилган, 14 нафари жароҳатланган. Шунингдек, уч нафар ўт ўчирувчи ҳалок бўлган.

Ёнғин рўй берган ҳудуд атрофидаги 2 кммасофада яшайдиган аҳоли кўчирилган.

Украина ички ишлар вазири Арсен Аваков ёнғин чиққан ҳудудда эҳтимолий ёнғинга қарши етарлича тайёргарлик бўлмагани юзасидан жиноий иш очилишини маълум қилган.

Арсен Аваковнинг айтишича, кейинги 12 соат ичида ёнғин бартараф этилади. Атрофдаги бошқа объектларга ёнғин тарқалиши хавфи мавжуд эмас.

Воқеа жойига Киев шаҳри мэри Виталий Кличко етиб борган. У мутахассисларга асосланиб, ёнғин ҳудудидаги ҳавода заҳарли моддалар йўқлигини маълум қилган.

Бундан бироз олдинроқ, Киев шаҳри аҳолиси ҳавода пайдо бўлиши мумкин бўлган заҳарларга қарши махсус ниқоблар тақишни бошлаши мумкинлиги хабар қилинганди.

Кўпроқ янгиликлар