АҚШ президенти Барак Обама Германияда давом этаётган G7 саммити вақтида Халқаро футбол уюшмалари федерацияси (ФИФА) даги коррупция можароси ҳақида ўз фикрларини билдирди.

«Бу ерда, Европада мен ўтказган суҳбатларда одамлар ФИФА учун шаффоф ишлаш имконияти фавқулодда аҳамиятга эгалигини айтишди. Футбол нафақат ўйин, балки йирик бизнес, миллий ғурур манбаси ҳамдир. Футбол АҚШда ҳам оммалашмоқда ва Вашингтон федерация тўғри ишлашига истайди», деди Обама.

Эслатиб ўтамиз, 27 май куни АҚШ бош прокурори Лоретта Линч ФИФА коррупция можаросидаги олти айбланувчи 24 йил ичида жами 150 миллион доллар пора олганини маълум қилган эди. Ўша куни Цюрихда ФИФАнинг қатор амалдорлари қўлга олинган бўлиб, ҳозирда АҚШга экстрадициясини кутмоқда.