8 июнь куни Миллий академик драма театрида ушбу республика кўрик-фестивалининг очилиш маросими бўлиб ўтди.

Ўзбекистон Маданият ва спорт ишлари вазирлиги ҳамда “Ўзбектеатр” ижодий-ишлаб чиқариш бирлашмаси томонидан ташкил этилаётган фестиваль давомида ижодий жамоаларнинг сара спектакллари намойиши, етук санъаткорлар иштирокида маҳорат сабоқлари, ижодий учрашув ва мулоқотлар, «Саҳнада замондош образи» мавзуидаги анжуман бўлиб ўтади.

Бу йилги фестивалга тайёргарлик жараёнида Ёзувчилар уюшмаси билан ҳамкорликда иш олиб борилди. Фестивалга тақдим этилган асарларни янада такомиллаштириш, уларни саҳналаштириш жараёнида янги-янги ижодий изланишларни қўллашга алоҳида эътибор қаратилди. Кўрик-фестивалда иштирок этиш учун ижодий жамоалар томонидан 30 дан ортиқ саҳна асари тавсия этилди. Улар театршунос олимлар томонидан сараланиб, кўрик-фестиваль учун 11 спектаклдан иборат дастур шакллантирилди.

Кўрик-фестиваль Бухоро вилояти мусиқали драма театрининг «Бурч» спектакли намойиши билан бошланди.