1 июнь куни "Фахрли инсон" лойиҳасининг 3 йиллик байрами тадбири ўтказилди ва лейкоз билан оғриганларга қон топширган ҳамда моддий хайрия қилганларга қоидага кўра "Фахрли инсон" браслетлари топширилди.

Тадбирга кўплаб санъаткорлар ва спортчилар қаторида тадбирга ташриф буюрган Озода Нурсаидова куйламаслиги ва фақат моддий хайрия билан чекланиб, болажонларга табрик сўзи айтиб кетишини маълум қилди. У бунга сабаб яқиндагина бошидан ўтказган операция эканлигини айтди.

“Бу каби гала-концертларда асосан фонограмма куйланиши тушунарли ҳолат, аммо ҳаттоки шуни ҳам қила олмайман очиғи. Сабаби барибир фонограмма устидан куйлаб юбораман. Берилиб кетаманда... Туркияда лапаратомия операциясидан ўтиб қайтдим. Анчадан бери қийнаётган профессионал касаллик (мураккаб қўшиқлар куйланаётганда босим қоринга тушади) бўлган қорин чуррасини операция қилдирдим. Бунда ошқозонимнинг ҳам ярмини кесишга тўғри келган. Бугунги кунда қатъий парҳез туфайли деярли оддий сув билан кун ўтказяпман. Жуда нимжон бўлиб қолганман. Операциядан деярли бир ой ўтиб, хизматга чиққанимда, фонограммада куйлаганимда ҳам, берилиб кетиб устидан куйлавердим ва 10 дақиқа ўтар-ўтмас тўйхонани ўзидаёқ ҳушимдан кетиб қолдим. Ўша ердан тўғри шифохонага олиб кетишди”, деб гапириб беради қўшиқчи.