Тожикистон интернет-провайдерлари ижтимоий тармоқлар ва шунга яқин бўлган сайтлар, шунингдек, тақиқ қўйилган янгилик ва ахборот агентликларига тақиқларни бекор қилди. Бу ҳақда «Интерфакс» ахборот агентлиги хабар тарқатди.

Манбанинг ёзишича, бунга Душанбеда уч кун давомида бўлиб ўтадиган «Ҳаёт учун сув» халқаро конференцияга 99 мамлакатдан 1,5 мингдан ортиқ вакиллар ва БМТ Бош котиби Пан Ги Муннинг ҳам ташрифи сабаб сифатида кўрилмоқда.

«Биз кеча кечки пайт Фейсбукни тўғридан-тўғри очилишига имконият яратиб беришимиз ҳақида кўрсатма олдик», дея интернет-провайдер раҳбарларидан бирининг сўзидан иқтибос келтиради «Интерфакс».

Маълумот ўрнида таъкидлаб ўтиш жоиз, Тожикистонда Facebook, «Одноклассники», «ВКонтакте», ва YouTube видеохостингининг ёпиб қўйилишига Тожикистон собиқ амалдорларидан бири Гулмурод Ҳалимовнинг ижтимоий тармоқлар орқали "ИШИД" жангарилари билан Тожикистонга «мусулмонлар ҳуқуқини ҳимоя қилиш учун» қайтиши ҳақидаги видеомурожаатлари сабаб бўлгани тахмин қилинади.