Халқаро олимпия қўмитаси (ХОҚ) “СпортАккорд” халқаро конвенциясига бундан буён ҳомийлик қилмаслигини эълон қилди.
 
"СпортАккорд”нинг кўплаб аъзолари каби биз ҳам ташкилот муаммолар гирдобидан бутунлай чиқиб кетмагунича уни тан ҳам олмаймиз, молиявий жиҳатдан кўмак ҳам бермаймиз, - дейилади ХОҚнинг расмий сайтида
 
Эслатиб ўтамиз, 2015 йил 20 апрель куни Сочи шаҳрида ўтказилган “СпортАккорд”нинг Бош ассамблеясининг тантанали очилиш маросимида мазкур конвенция раҳбари Мариус Визер ХОҚ раҳбари Томас Бахни кескин танқид қилган эди. Жумладан, у “Стратегия-2020” ҳеч бир халқаро федерациялар билан муҳокама этилмаганлигини ҳамда ХОҚ томонидан ташкил этилиши режалаштирилган телеканалнинг 450 миллион долларга баҳоланган бизнес-режаси умуман мавжуд эмаслигини, шунингдек, Олимпиада ўйинларининг очилиш ва ёпилиш тантаналарига сарфланадиган миллионларни бутун дунёда спортнинг тараққиётига йўналтириш мақсадга мувофиқ эканлигини таъкидлаб ўтган эди.
 
Мариус Визернинг сўзларига қараганда Олимпиада ўйинлари мезбонини аниқлашда коррупцияга йўл қўйилади ва бу иш ёпиқ ҳолда ҳал этилади.  
 
"СпортАккорд"нинг эндиликдаги собиқ раҳбарининг ушбу чиқишидан сўнг, шу ернинг ўзида Халқаро енгил атлетика, камондан отиш ва ўқ отиш федерациялари “СпортАккорд” конвенциясидан чиққанликларини эълон қилди. 21 апрель санасида эса яна 21та халқаро спорт федерациялар ушбу ташкилотга эъзо эмасликларини расман маълум қилишди. 31 май куни М.Визер “СпортАккорд” ташкилоти раҳбарлигидан ўз аризасига кўра бўшади. У, шунингдек, ХОҚнинг мувофиқлаштириш комиссияси ва 2020 йилги ёзги олимпия ўйинларининг ташкилий қўмитаси аъзолигидан ҳам кетишга қарор қилди. Эндиликда Мариус Визер фақатгина Халқаро дзюдо федерациясига раҳбарлик қилмоқда.