Италиянинг «Ювентус» клуби «Реал» ва Германия терма жамоаси яримҳимоячиси Сами Хедирани ўз сафига қўшиб қолди.

Клуб расмий сайти берган маълумотга кўра, мадридликлар билан шартномаси ниҳоясига етган футболчи 2019 йилнинг 30 июнига қадар туринликлар билан шартнома имзолаган. Шартнома жорий йилнинг 1 июлидан кучга киради.

Эслатиб ўтамиз, Хедира 2010 йилда «Штутгарт»дан «Реал» сафига келиб қўшилганди. Бу давр мобайнида 29 ёшли футболчи икки марта Испания чемпионати ва кубогида, шунингдек, ЕЧЛ, Испания суперкубоги, Европа суперкубоги ва клублар ўртасидаги ЖЧда ғолибликни қўлга киритди.

Жорий мавсумда жароҳати боис, кўплаб ўйинларда майдонга туша олмаган футболчи Испания чемпионатининг 11та учрашувидагина қатнаша олганди.