АҚШ савдо вазирининг ўринбосари ўзбекистонлик ёш истеъдодларга тўхталиб ўтди

Жаҳон 10 Июнь 2015 1181

АҚШ савдо вазирининг глобал бозорлар бўйича ўринбосари Арун Мадхаван Кумар Ўзбекистонга расмий сафар уюштирди. Сафар доирасида у ҳукуматда, ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазирлигида, савдо-саноат палатасида учрашувлар ўтказди, шунингдек, GM Powertrain Uzbekistan автомобиль двигателлари ишлаб чиқарувчи заводда бўлди.
Сафардан кўзланган асосий мақсад икки давлат ўртасидаги савдо алоқаларини янада ривожлантириш бўлди.
“Экономическое обозрение” нашрига берган интервьюсида жаноб Кумар Ўзбекистонда амалга оширилаётган структур ислоҳотларга ўз муносабатини билдириб ўтди.
“Биз Ўзбекистоннинг иқтисодиётни модернизация қилишга қаратилган интилишларини қўллаб-қувватлаймиз, – таъкидлаб ўтди у. – Бу жиҳатдан АҚШ компанияларининг кўпчилиги Ўзбекистонда бизнес юритишда ажойиб ҳамкор бўлишлари мумкин”.
Шунингдек, у General Motors заводига уюштирган ташрифидан қолган таассуротлари билан ўртоқлашди. Вазир ўринбосари бир неча йил ичида компания бозорда катта муваффақиятларга эришганидан хурсандлигини билдириб ўтди.
Бундан ташқари, Арун Кумар Ўзбекистонга биринчи марта ташриф буюрганини ва мамлакатдан катта таассуротлар билан қайтаётганини маълум қилди: “Мен Ўзбекистон халқининг меҳмондўстлиги ва жойларнинг гўзаллигидан таъсирландим. Самарқандга ташриф буюриш орзуси ҳам ушалиш арафасида”.
“Бу ерда истеъдодли ёшлар кўп экан, – қўшимча қилди у. – Бу ҳақда заводга ташрифимиз чоғида ҳам амин бўлдик”.

Кўпроқ янгиликлар