Жанубий Корея полицияси Яқин Шарқ респиратор синдроми коронавируси MERS ҳақида миш-миш тарқатган 8 кишини ҳибсга олди. Бу ҳақда Ёнхап агентлиги ахборот тарқатди.

Қўлга олинганларнинг 5 нафари туҳмат ва мавқега путур етказишда айбланмоқда: улар танишлари билан суҳбатлашганда вирус қайси шифохоналарда тарқатилганини санаб ўтишган. Яна икки киши ўз ихтиёрига кўра шу шифохоналар рўйхатини оммалаштиришда айбланмоқда. Ниҳоят, саккизинчи гумондор ўзини журналист сифатида таништириб, миш-мишлар тарқатган.

Айни кунларда Кореяда вирусга чалинганлар сони 108 кишига етди, 7 киши ҳалок бўлди. Уларни мамлакатдаги 35 шифохона қабул қилди.