LG Electronics компанияси DM-01G номига эга, Микки Маус мавзусидаги ташқи безак ва фойдаланувчи интерфейси дизайни билан фарқланиб турувчи смартфонни намойиш қилди.

Уолт Дисней студияси мультфильмларининг машҳур қаҳрамони ва унинг севгилиси Мини Маус ушбу смартфоннинг орқа қопқоғини безаб туради. Дисплей остида бутун дунёга машҳур бўлган мультқаҳрамоннинг боши акс этган логотип жойлашган. Бу логотип кўринишича “Уйга қайтиш” тугмасининг вазифасини бажаради.

Смартфонда ўрнатилган Android 5.0 Lollipop операцион тизими Дисней мультфильмларидан бир нечта мавзулар билан тўлдирилган. Янги қурилма учун экран дарчаси бор, Микки Маус боши ва қулоқлари кўринишига эга ғилоф ҳам таклиф этилади.

LG DM-01G модели техник нуқтаи назардан ўрта даражадаги қурилмаларга мансуб бўлиб, у 5,2-дюймли, кўрсатиш қобилияти 1920 × 1080 нуқтага эга IPS дисплейи, Qualcomm Snapdragon 801 процессори, 2 Гб тезкор хотира ва 16 Гб доимий хотира ҳамда иккита – 13,2 Мп ли асосий ва 2,4 Мп ли олд камера билан жиҳозланган.

Аккумулятор батареясининг ҳажми 2900 мА•соатни ташкил этади. Телефон IP67 ҳимоя даражасини олди, бу унга 1 метр чуқурликда ярим соат давомида ҳеч қандай салбий оқибатларсиз қолиш имконини беради.

LG DM-01G ҳаворанг, оқ ва пушти ранглардаги корпусларда таклиф этилади. Смартфон аввал Японияда сотувга чиқарилиши режалаштирилмоқда.