Ўзбекистонда 2016 йилнинг бошига “ягона ойна” тизимини синовдан ўтказиш, 2016 йилнинг охирига қадар эса тўлиқ фойдаланишга киритиш режалаштирилган, деб хабар бермоқда Ўзбекистон Давлат божхона қўмитаси ахборот-коммуникация технологияларини татбиқ қилиш бошқармаси бошлиғи Абдусобиржон Саидов.

Бу лойиҳа Жанубий Корея ҳукуматининг 5,5 млн долларлик гранти ҳисобига амалга оширилмоқда. Жанубий Корея томонидан Корея Ҳалқаро ҳамкорлик агентлиги (KOICA), Ўзбекистон томондан Давлат божхона қўмитаси ушбу лойиҳанинг ижрочи агентликлари ҳисобланади.

Биргаликдаги тадқиқотлар якунларига кўра, KOICA мутахассислари томонидан 2014 йилда мастер-режа тақдим қилинди ва 2015 йилнинг 1-чорагида “ягона ойна” тизими дастурий таъминоти намойиш қилинди. Бу тизим Ўзбекистон конунчилиги асосида ишлаб чиқилган ҳамда Кореянинг “Uni-Pass” тизими технологиясига яқинлаштирилган. Айни пайтда KOICA мутахассислари томонидан дастурий таъминот ва ахборот хавфсизлиги тизимини ниҳоясига етказиш ишлари олиб борилмоқда.

Божхона хизматини “ягона ойна” ягона божхона ахборот тизимини татбиқ қилиш орқали модернизация қилиш лойиҳаси Ўзбекистонда экспорт-импорт ва транзит операцияларини тартибга солиш жараёнини соддалаштиришга қаратилган.

Янги тизим ёрдамида маъмурий тартиботлар оптималлаштирилади ва ташқи иқтисодий фаолият иштирокчилари ҳамда мос муассаса ва ташкилотлар ўртасида ахборот алмашишнинг самарали механизми эвазига маҳсулотларни экспорт-импорт қилишдаги тўсиқлар камайтирилади.