2015 йил 9 июнь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш, шунингдек айрим қонун ҳужжатларини ўз кучини йўқотган деб топиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига имзо чекди. Бу ҳақда xushnudbek.uz сайтида хабар берилган.

Шунингдек, Қонуннинг расмий матни “Халқ сўзи” ва “Народное слово” газеталарида эълон қилинди.

Мазкур Қонун Олий Мажлис Қонунчилик палатаси томонидан 2015 йил 7 майда қабул қилинган ва Сенат томонидан 2015 йил 15 майда маъқулланган.

Қонунга кўра, қуйидаги 4 та кодекс ҳамда 6 та қонунга ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди:

Кодекслар:
1. Жиноят кодекси;
2. Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс;
3. Фуқаролик процессуал кодекси;
4. Ҳаво кодекси.

Қонунлар:
1. «Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида»;
2. «Автомобиль транспорти тўғрисида»;
3. «Радиочастота спектри тўғрисида»;
4. «Темир йўл транспорти тўғрисида»;
5. «Йод етишмаслиги касалликлари профилактикаси тўғрисида»;
6. «Транспорт воситалари эгаларининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш тўғрисида».

Шунингдек, қуйидагилар ўз кучини йўқотган деб топилди:

1) Ўзбекистон Республикасининг 1993 йил 7 майда қабул қилинган «Умумий фойдаланишдаги ҳаво, темир йўл, ички сув ва автомобиль транспорти йўловчиларининг мажбурий шахсий суғуртаси тўғрисида»ги Қонуни;

2) Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашининг 1993 йил 7 майда қабул қилинган «Умумий фойдаланишдаги ҳаво, темир йўл, ички сув ва автомобиль транспорти йўловчиларининг мажбурий шахсий давлат суғуртаси тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунини амалга киритиш ҳақида»ги Қарори;

3) Ўзбекистон Республикасининг 1997 йил 26 декабрда қабул қилинган «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги Қонунининг IХ бўлими.