ETIS Sp.z.o.o. компаниясининг Польшадаги офисида Ўзбекистоннинг иқтисодий-сармоявий салоҳиятига бағишланган тадбир бўлиб ўтди. Тадбир ташкилотчилари Ўзбекистоннинг Польшадаги элчихонаси ҳамда “ETIS Sp.z.o.o." компанияси бўлди

Тадбир чоғида қатнашчиларга Ўзбекистоннинг мустақиллик йилларида эришган ютуқлари, 2014 йил ижтимоий-иқтисодий ривожланиш кўрсаткичлари ва жорий йилнинг муҳим иқтисодий лойиҳалари, шунингдек, республикада хорижий сармоядорлар учун яратилган шарт-шароитлар ва имкониятлар ҳақида батафсил маълумот берилди. “Навоий” ЭИИҲ, “Ангрен” ва “Жиззах” МИҲларига сармоядорларни жалб қилиш масаласи ҳам кўтарилди. 

Учрашувда сўзга чиққан “ETIS Sp.z.o.o." компанияси бошқарув раиси Л.Кучинскийнинг таъкидлашича, компания турли соҳаларда сармоя киритиш ва замонавий технологиялар, инновацион дастгоҳлар бўйича улкан тажрибага эга. 

Унинг фикрига кўра, Ўзбекистонда яратилган қулай сармоявий иқлим компаниянинг Ўзбекистон билан энергия тежовчи замонавий технологиялар ва кўча ёритгичларини етказиб беришга бўлган қизиқишини оширган. 

Тадбир сўнггида қатнашчилар Ўзбекистон билан янада кенг миқёсда ҳамкорликни йўлга қўйиш ниятида эканлигини билдириб ўтишди.