35 ёшли Мўмин Абдураззоқов пул топиш мақсадида турли ишларга қўл уриб, бунинг натижасида қамалиб чиққач, маҳалласида “у ерда” танишлар орттириб келгани ва машиналар олди-сотдиси билан шуғулланиши ҳақида гап тарқатди.
“Даракчи” газетасининг ёзишича, бир куни у маҳалладоши Хайрулланинг Damas машинасини Lacetti’га алмаштириш нияти борлигини эшитиб қолиб, унинг олдига борди ва алдов йўли билан машина ҳужжатларини унга беришга ундади: гўёки машина пулини олти ой “оборот”га тикиб, сўнг фойдага қўшиб эгасига Lacetti тақдим этишини айтди. Бунга ишонган Хайрулла автомобиль ҳужжатларини Абдураззоқовга топширди. Аммо, орадан олти ой ўтиб, ҳеч қандай машинага эга бўлмагач, алданганини тушунди.
Бу орада Мўмин Nexia машинаси сотиб олиш ниятида юрган Фарҳод исмли йигитдан алдов йўли билан 11 700 доллар олди. Машина айтилган пайтда салондан чиқишига ишонтириб, аслида пулларни ўз манфаатлари йўлида ишлатиб юборди.
Мўминнинг “довруғ”ини эшитган яна бир шахс – Улфат унга учраб, иккита Matiz машинасини сотиб, эвазига Lacetti олиб беришни илтимос қилди. Натижада Мўмин бу икки машинани ҳам пуллаб, маблағни ўзлаштирди.
Аммо, орадан вақт ўтиб, алданганини тушунган одамлар унинг устидан ИИБга шикоят қилишди. Натижада қаллоб қўлга олиниб, жазога тортилди.