Китоб ҳақида кўп ва хўп ёзилган. Бундан кейин ҳам ёзилади. Бироқ китоб ўқийдиганлар ҳақида-чи? Уларнинг сони камайиб бораётгани хусусида-чи? Бугунги тамаддун, “электрон” аср, китоб ўқишга вақт “етишмаслиги” борасида нималар дейиш мумкин? Кутубхоналар ўз йўлига, китоб дўконларида не гаплар? Умуман, чекка-чекка ҳудудлар, туман, қишлоқларда истиқомат қилувчилар мутолаа қилишмоқдами? Уларнинг китобга бўлган эҳтиёжи ва талаблари қай даражада қондириляпти? Китоб дўконлари танқис экан, китобни қаердан олишсин? Китобхонлар сафи камайганининг сабабларидан бири китоб етказиб берилмаётганида эмасми? Наҳотки бунинг самарали йўли бўлмаса? “Бунинг йўли бор ва жуда оддий”, — дейди TAK.UZ сайти раҳбари Анвар Жалолов.

— Анвар ака, сиз билан суҳбатлашишдан аввал сайтингиз билан танишдим. “Китобни кўчада изламанг. Китобнинг ўзи уйингизга “боради” деган жимжимадор сўзлар орқали китобхонни босма кўринишдаги китобдан кўра электрон китоб билан “авраш” назарда тутилмаганми?
— Китоб ҳар қандай замон ва маконда китоблигича қолади. Электрон китоб қоғоз кўринишидаги китоб ўрнини тўлиқ боса олмайди. Бу асосли равишда ўз исботини топган. Сайтимиз орқали етказиб бериладиган китоблар электрон кўринишни назарда тутмайди.


— Аниқроғи, китоб электрон ҳолда эмас, босмадан чиққан қоғоз ҳолида китобхоннинг қўлига етиб борадими?
— Албатта, шундай! Кўз олдингизга келтиринг компьютерингизга тикилиб ўтириб, китобга пул тўладингиз ва бир, икки кундан кейин почта ходими уйингизга китобни келтириб турибди. Бундай ҳолатни бизнинг WWW.TAK.UZ интернет-дўконимизда кузатишингиз мумкин. Интернет-дўкон дейишимизга сабаб, сайтимизга кирган ҳар бир харидор ўзи ҳоҳлаган китобни излаши, унинг мазмуни билан танишади, мазмун, нарх-наво ва бошқа ҳолатлар бўйича бошқа китобларга ҳар томонлама таққослаб кўради. Агар ёқиб қолсагина сотиб олиши ва етказиб берилиши учун аниқ манзилни белгилаб қўйиши мумкин. Бунинг учун барча имкониятлар мавжуд.
Аҳолида бирор китобга эҳтиёж туғилса, вилоят марказига бориб, китоб дўконларига мурожаат қилишларига тўғри келади. Биздаги ахборотларга кўра, фақат Яккабоғ ва Поп туманлари марказларида китоб савдосини таклиф этадиган дўконлар фаолият олиб боряпти. Қишлоқларимизда эса китоб дўконлари мавжуд эмас. Ваҳоланки, китобхонлар сони камаймайди, балки ҳар доим ўсиб бораверади. Чунки, инсон ўсиш-ривожланишда экан, унда тизимли ва сифатли билимга эҳтиёж доим мавжуд бўлади. Бугунги кунда кўчаларимизда автомобиллар тўлиб, ҳашаматли бинолар, йўллар қурилиши жадал олиб борилиши ва бошқа бир қатор кўрсаткичлар ҳаётимизнинг тараққий этиб бораётганини кўрсатмоқда. Демак, айни шу ривожланиш туфайли одамларда билимга чанқоқлик ошаверади, оқибатда китоб, маълумотларга эҳтиёж ортади. Кутубхоналар ҳар бир мактаб ва коллежларда ташкил этилган, бу жуда муҳим ҳолат. Шунга қарамай, янги чоп этилган китобни сотиб олиш, уйида фарзандлари учун кутубхона ташкил этиш, бу — бошқа масала.
WWW.TAK.UZ интернет-дўконимиз тавсия қиладиган китоблар арзон. Чунки биз нашриётдан чиққан китобларни ўртадаги ортиқча воситачиларсиз, яъни қўшимча нарх қўювчиларни четда қолдирган ҳолда, тўғридан-тўғри харидорнинг қўлига етказиб бериш имкониятига эгамиз.
— Демак, китоб харид қилишни истаган киши сайт орқали буюртма беради. Тегишли тўловни амалга оширгач, ўша китоб унга етказиб берилади. Ижобий ҳол. Бироқ ўйлашимча, буни фақат марказий ҳудудларда амалга ошириш мумкин?
— Сайтимизнинг оғриқли нуқталаридан бири ҳам интернет тизимининг барча ҳудудларда бирдай тез ва узлуксиз ишлашига тўлиқ эришилмаганлигидир. Албатта, ахборот-телекоммуникациянинг ривожланиши, жадаллиги яқин келажакка нисбатан қараладиган бўлса, жуда ҳам юқори. Умумий ўрта таълим ва ўрта махсус, касб-ҳунар таълими тизимларига информатика фанининг умумтаълим фани сифатида киритилиши туфайли ёшлар интернет технологиялари билан яқиндан танишдилар. Лекин бу ишлар қачонки интернетдан фойдаланиш барчага қулай бўлгандагина тўла-тўкис самара беришини англашимиз даркор. Шу билан биргаликда, мобил алоқа воситалари бугунги кунда кенг тарқалиб, унинг ҳаммабоп бўлиши сайтимиз хизматларидан фойдаланиш имкониятларини кенгайтиришга ёрдам бермоқда. Бугунги кун ҳолати шуни кўрсатмоқдаки, агар китобхонга китоб зарур бўлса, у барча тўсиқларни енгиб ўтади. Интернетнинг ҳар бир туман марказига етиб борганлиги ва қўл телефонлари орқали интернетга уланиш имкониятининг мавжудлигини қўшимча имконият деб ҳисоблаш мумкин.
— Яқинда мен вақтим тиғизлигига қарамай, “Шарқ зиёкори” дўконига бордим. У ердан Бобур энциклопедиясини харид қилдим. Кейин уни Сурхондарёнинг Бойсунига қатнайдиган такси ҳайдовчиларидан дадамга бериб юбордим. Чунки дадамнинг танишлари илтимос қилган, бу китоб у ердан топилмаганди. Менинг камида ярим кун вақтим сарфланди, қолаверса, кира ҳақи, такси ҳайдовчиси учун қилган харажатларим... Ваҳоланки, сайтингиз орқали буни амалга ошириш жуда осон экан.
— Бугунги кунда республикамиздаги барча нуфузли нашриётлар билан ҳамкорликни йўлга қўйганмиз. Ўзбек, рус, қозоқ, қорақалпоқ, тожик тилларидаги энг қизиқарли китобларни сайтимиздан бемалол харид қилса бўлади. Бундан ташқари сайтимиз етказиб берадиган энг ноёб китоблар борки, уларга санъат асари деб қарашингиз мумкин. Харид тўловини амалга ошириб, яқинларингизнинг туғилган куни, дўстингиз ва бошқаларга совға сифатида тақдим этишингиз ўзингизнинг ихтиёрингизда. Ахир неча-неча йиллардан буён таваллуд кунларига китоб туҳфа қилинмапяти-ку! Ёки, дейлик, бўлғуси қайнота, қаноналар “келин-сарпо” ёки “куёв-сарпо” тарзида тақдим қилинаётган устоз адибимиз Тоҳир Маликнинг китобларига буюртма беришлари мумкин. Бу билан, биринчидан, вақт сарфини камайтирадилар, иккинчидан, танлов имкониятини оширадилар.
— Шу ўринда китобни етказиб бериш кафолати ҳақида сўзласангиз.
— Китобни етказиб бериш ҳамкоримиз — махсус курьер “Ўзбекистон почтаси” ОАЖнинг зиммасида. Яъни, бу — китобнинг йўқолмай, қисқа вақтда, арзон нархда ва, асосийси, давлат кафолати асосида ўз эгасига етиб боради, деганидир. Яна бир кафолат ҳақида айтмоқчиман: биз токи буюртмачига етазиб берилгунга қадар китобнинг қайси йўналиш бўйлаб “бораётгани”ни электрон-харита орқали кузатиб турамиз.
— Китоблар мавзуси, рукнлари чекланмаганми?
— Чекланмаган. Сайтимиз ўттизга яқин рукнни ўз ичига олган ва бизга мурожаат қилаётган нашриётлар таклифига кўра уларнинг сони янада ошиб бормоқда. Рукнлар орасида энг қизиқарлиси, жажжи китобхонларимизга аталган “Болалар ва ўсмирлар адабиёти”дир. Унда 3 ёшлилар учун мантиқни ёшликдан шаккллантириб борувчи китоблардан тортиб, 12 ёшлиларнинг психологик муаммолари ҳал этилишига қаратилган махсус адабиётлар ҳам мавжуд. Шунингдек, эртаклар, топишмоқ, тезайтиш, шеърий китоблар ўрин олган.
— Демак, сайт фаолияти китобхон учун ҳам, китоб чиқараётган нашриётлар учун ҳам фойдали.
— Китобхон WWW.TAK.UZ интернет-дўконида ўзига керакли китобни излаши учун китобнинг ичидаги бирор “калит” сўзни киритса кифоя, сайт тегишли китоблар рўйхатини тақдим этади, ваҳоланки анъанавий китоб дўконлари бундай имкониятни тақдим эта олмади.
Нашриётлар ҳам биз билан ҳамкорликдан манфаатдор. Сабаби, биринчидан, улар ўз китобларини бизнинг сайт орқали бепул реклама қиладилар; иккинчидан, уларнинг маҳсулоти, яъни китоблари сотилади; учинчидан, бу китоблар сайтимиз орқали китобхонга етказиб ҳам берилади. Энг муҳими, биз билан ҳамкор нашриётлар тайёр маркетинг хизматини бепул қўлга киритадилар. Биз уларга қандай китобларга эҳтиёж ортиб ёки камайиб бораётгани, режалаштирилаётган китобларига харидорлар бўлиш-бўлмаслиги, китобхонлар учун қандай мавзулар долзарб ҳисобланиши каби муҳим кўрсаткичларни прогноз қилишда кўмак бера оламиз.
— Сир бўлмаса, ҳозиргача китобхонларга қанча китоб етказиб берилди?
— WWW.TAK.UZ интернет-дўкони фаолият бошлаганига 6 ой бўлишига қарамай, республикамизнинг ҳар бир туманига китоб етказиб беришга эришилди. Масалан, олис Қорақалпоғистон тумани, Термиз ва ҳоказо ҳудудлапга буюртмалар еткзилди. Респубилкамизнинг 200 га яқин туманида харидорларимиз мавжуд. Эътиборли жиҳати, улар сайтда рўйхатдан ўтганликлари сабабли янги нашр этилган китоблар ҳақида мунтазам равишда sms-хабарларини олиб турадилар.
— Сайтингизда тест саволлари орқали ёшларнинг касб танлашига оид мурожаатлари ҳам ижобий ҳал қилинади, деб эшитдик.
— Сайтимизга асосан китобсеварлар ташриф буюришини инобатга олиб уларнинг фарзандлари учун “Касбга йўналтириш” номли электрон дастур ўрнатилган. Ҳар бир ота-она ўз ўғил-қизининг келажакда ким бўлишини билишга интилиши табиий ҳол. Агар фарзанд ўзининг келажагини аниқ тасаввур қилса, жуда катта маънавий ва моддий харажатларини тежашга эришади. Шу билан бирга, мақсадли йўналтирилган ҳаёт мароқли бўлади. Фарзандни шу каби кафолатли йўлга солишнинг омили, бу — унинг ёшлик, шаклланиш (20 ёшгача) даврида аниқ касбга боғланиши билан изоҳланади. Бир соҳани бир марта муваффақиятли эгаллаган кимса бошқа касбларни ҳам эгаллаш малакасини ўзида шакллантиради, бу эса унда барча вазиятларга мослашиб бориш имкониятини оширади.
Юқорида қайд этилганларнинг барчасига туртки бўладиган бошланғич нуқта эса сайтимиздаги “Касбга йўналтириш” номли электрон дастури ҳисобланади.
— Ҳар ҳолда мазкур тестлар мутахассислар текширувидан ўтган бўлса керак?
— “Касбга йўналтириш” номли электрон дастури Ўзбекистон Интеллектуал мулк агентлигида қайд этилиб, патент олинган, Халқ таълими вазирлигининг махсус хизматида текширувдан ўтган. Дарвоқе, “Касбга йўналтириш” номли электрон дастуридан ўтиш ҳам, мақбул бўлган касбларнинг рўйхатини олиш ҳам бепул.
— Дарвоқе, WWW.TAK.UZ да олий ўқув юртларига ўқишга кирмоқчи бўлган абитуриентлар учун тест саволлари ҳам ҳавола қилинган. Шу ҳақда батафсилроқ тушунча берсангиз.
— Китобни ўқийверган билан агар ҳаётга қўлланмаса, у шунчаки қуруқ маълумот бўлиб қолади. Биласиз, олий маълумот олиш инсон ҳаётида катта ютуқ. Сайтимизнинг ёш китобхонлар учун энг катта манфаатли жиҳати уларни университет, институтларга ўқишга киришига имконият тақдим этаётганидир. Бу соҳада ҳам уларга ўзгача ёндашувни таклиф қилдик.
Сайтимизда “Абитуриент-2015” номли тест синови ишга туширилган. Унда ҳар бир талабгор абитуриент белгиланган муддатда (120 дақиқа давомида) қайси интитутга киришига қараб махсус тест синовидан ўтади. Тест синовидан ўтиш бепул, бу жараённи истаганча амалга ошириб, махсус кўникмаларни шакллантиришлари мумкин. Таҳлилий материал, яъни натижаларни олишдаги маълумотлар ҳам бепул. Мақсадимиз абитуриентларнинг талабалик сафини эгаллашларига беминнат ҳисса қўшишдир.
— Сайт орқали китоблар, газета ва журналларга ҳам обуна бўлиш мумкинлиги ростми? Амалиётда шундай ҳолатлар рўй бердими?
— Обуна фаолияти анча куч ва харажатларни талаб қилишига қарамасдан буни ҳам йўлга қўйишни олдимизга мақсад қилганмиз. Сабаби, обуна нашр соҳасини кескин ривожлантиришга хизмат қилади. Бугунги кунда сайтимиз орқали “Синфдош” ва “Таълим технологиялари” журналлари учун обуна йўлга қўйилган. Бошқа газета, журналлар муҳарририятлари ҳам бу хизматдан фойдаланишга қизиқиш билдирмоқда, улар билан тегишли ҳамкорлик йўлга қўйилади. Шахсан мен “Тафаккур”, “Жаҳон адабиёти” каби “забардаст” журналларимизни сайтимиз обунаси орқали чекка-чеккадаги ўқувчиларга етказиб беришни бажонидил амалга оширган бўлардим. Келажакда нафақат газета ва журналлар, балки китобларга ҳам обуна хизматининг йўлга қўйилиши кўпчилик учун қулайлик туғдиради, деб ўйлайман.
— Шундай дейсиз-у, келгусида китобга буюртма берувчилар сони кўпайиб кетса, фаолиятингиз қийин кечмайдими?
— Буюртма берувчилар сони кўпайиб кетиши ҳолатини кутиб ётибмиз! Ўшанда юз бериши мумкин бўлган “қийинчилик”лар биз учун байрам бўлади.
— Анвар ака, “Табиб табиб эмас, бошига тушган табиб” деганларидек, ўзингиз китоб чиқариб, муаммоларга дуч келганингиз учун шу ишларга қўл урдингизми?
— Биринчи марта китобим нашрдан чиққанида, китобхонларга таклиф этган пайтларимни эслайман. Бошдан ўтказган кечинмаларим эса “китобнинг нашриётдан тўғри китобхонга бориши”, тўловнинг тўппа-тўғри нашриётга тушиши ҳақида қайта-қайта ўйлашга мажбур этганди. Қадим хитой файласуфлари: “Эҳтиёт бўлинг, фикрлар моддиятнинг бошланишидир” деб огоҳлантирганлари бежиз эмас экан. Ўзимизнинг “Қимирлаган қир ошар” нақлидан келиб чиқадиган бўлсак, каминанинг хаёли, орзуси уч йил деганда амалдаги сайтга айланди.
— Яна нималар деган бўлардингиз?
— Инсонни мия бошқаради, мияни эса билим шакллантиради. Оддий одам кўча-кўйда эшитганлари, яъни бошқалардан кўриб, эшитиб ўрганганлари умр кечириш учун етарли деб ўйлашади. Умр “кечириш”, кечириб ташлаб юбориш нуқтаи-назаридан улар ҳақдир, лекин инсон сифатида яшаш учун “кўча илми” етарли эмаслигини ҳамма ҳам тушуниб етавермайди. Китобда тизимлаштирилган маълумотлар, ҳақиқий ривожланишга олиб келадиган билимлар сақланган. Китоб ҳақида кўп ва хўп гапирилган, яна гапириш мумкин, лекин китобнинг муҳимлик даражаси ҳали тўлиқ англаб етилмаган деб биламан. Барпо этилаётган иншоотлар, бинолар, завод ва фабрикаларнига барчасини жам қилганда ҳам китоб барибир ўзининг устунлигини сақлаб қолади.
Мен халқимизга китоб етказиб беришни сифатли озиқ-овқат, кийим-кечак ва бошқа маҳсулотлар билан бир қаторга қўйган бўлардим. Шу йўлда ҳамиша изланиш ва ҳаракатдаман. Энг асосийси эса, мен қилаётган ишимдан мамнунман!

А.Намозов суҳбатлашди