Видеоблогер, альпинистчи ва паркур устаси Жеймс Кингстон дунёда биринчи бўлиб Лондондаги Уэмбли стадионининг 130 метрлик гигант аркаси юқорисига чиқди. Бу ҳақда BuzzFeed хабар бермоқда.

Кингстон одатда баланд иншоотларга рухсат олмай туриб чиқади, бироқ бу гал у рухсат олишига тўғри келди. Англиянинг энг йирик спорт иншооти чўққисини забт этишга рухсат олиш 3 ой вақт талаб этди, унинг амалга оширилиши деталларини муҳокама қилишда 30 киши иштирок этди.

Тадбирнинг ҳомийси сифатида Британиянинг 4GEE мобиль оператори иштирок этди, Кингстон бу операторнинг камерасини реклама қилиши керак эди. Ташқи кўриниши GoPro камерасига ўхшаш бу қурилма мобиль тармоқ орқали тўғридан-тўғри транслцияларни амалга ошириш имконини беради.

Белгиланган кунда 24 ёшли Кингстон страховкадан фойдаланган ҳолда стадионнинг 130 метрлик аркасига чиқди. Бу орада уни турли томонлардан бир нечта камера суратга олди. Кингстоннинг айтишича, у стадионнинг чўққисига чиқишга 8 йил аввал – у очилгандаёқ қарор қилган.

Кингстон BBC телеканалига берган интервьюсида паркур ва юқориларга чиқиш билан баландликдан қўрқиш ҳиссидан халос бўлиш учун шуғулланишни бошлаганини айтди. Бунинг учун унга “катта сабот ва машғулотлар керак бўлди”.

YouTube да Кингстон иштирокида баландликда бир нечта паркур ва ҳаракатланишлар акс этган роликлар жойлаштирилган. Улардан энг оммавийси – Саутгемптондаги қурилиш кранининг забт этилиши 3,6 млн намойиш йиғишга муваффақ бўлган.

Бундан ташқари, Кингстоннинг инстаграмда 78 минг обуначига эга профили мавжуд бўлиб, паркурчи у ерда баландликларни забт этган тасвирларини чоп этиб боради.