Агар бир неча йил аввал мобил саноат ривожланишининг асосий йўналишларини Ғарб компаниялари белгилаб берган бўлса, ҳозирда Осиёлик ишлаб чиқарувчилар бозорда етакчи ҳисобланади. Улар орасида Хитойнинг ZTE компанияси алоҳида ўрин тутади. Мазкур мақолада биз унинг тарихи ҳақида сўз юритамиз.
ZTE корпорациясига 1985 йилда Хитойнинг Шеньчжен (Shenzhen) шаҳрида асос солинган бўлиб, унинг бош қароргоҳи ҳозир ҳам айни масканда жойлашгандир. ZhongxingSemiconductor Co., Ltd. Шэньчжэн эркин иқтисодий ҳудудида 2,8 млн. юан миқдоридаги низом жамғармаси билан ташкил этилганди.
Аввал бошида компания Хитой армиясини алоқа воситалари ва бошқа электротехника усукуналари билан таъминлаш билан боғлиқ вазифаларни ҳал қилиш учун шакллантирилганди. ZTE маҳсулотлари орасида оддий фуқаролар учун фақат электрон соат, симли телефонлар ва бошқа нисбатан содда истеъмол электроускуналар бор эди, холос, чунки маҳсулотнинг асосий қисми ҳарбийлар учун мўлжалланганди. Шундай бўлсада, компания четдан тушган буюртмаларни бажонудил бажарарди.
1986 йилда компания қошида тадқиқот ва ишланмалар бўлими (R&D) ташкил этилди. Ўшанда ушбу бўлимда бор-йўғи 8 киши ишлаганди. Марказнинг дастлабки лойиҳаси 68 каналли аналогли офис автомат телефон станциясини (PBX - Private Branch eXchange) ишлаб чиқишдан иборат бўлди. 1987 йилнинг июнь ойида ZTE томонидан ишлаб чиқилган ички компьютер (Stored Program Controlled) билан бошқариладиган ZX-60 телефон станцияси Хитой почта ва телекоммуникация вазирлиги томонидан сертификатланди. Янги маҳсулот ZTEнинг телекоммуникцион соҳадаги биринчи қадами бўлди.


1987 йилда ZTE рақамли телефон станциялари соҳасидаги тадқиқотларини бошлади. Ўша пайтларда Хитой бу станцияларни четдан импорт қиларди. 1989 йилнинг ноябрь ойига келиб компания 500 та линияга мўлжалланган рақамли АТС ҳисобланган ZX500 станциясини ишлаб чиқиб, сертификатлади. Бу ишланма биринчи Хитой рақамли АТС бўлиб, уни ишлаб чиқишда хорижий компанияларга тегишли интеллектуал мулкдан мутлақо фойдаланилмаганди. ZX500 нинг такомилига етказилган вариантини ялпи ишлаб чиқариш 1990 йилнинг март ойида бошлаб юборилди.
1992 йилнинг охирида компания қишлоқ жойларида ва офис марказларида ўрнатиш учун мўлжалланган оператор томонидан бошқариладиган кичик ҳажмли ZX500A рақамли АТСни ишлаб чиқарди. Ушбу маҳсулот Хитой қишлоқларини жадал телефонлаштириш жараёнини бошлаб берди, ZTE учун эса келгуси ривожланишнинг асосига айланди.
ZTE компаниясининг ҳозирги номи - Zhongxing New Telecommunication Equipment Co., Ltd. бўлиб, у 1993 йилнинг март ойида қўйилганди, янги компаниянинг низом капитали эса 3 млн. юанни ташкил этди. Zhongxing Semiconductor Co., Ltd. каби, компания state-owned and private-run тамойили бўйича қурилган, яъни давлат ва хусусий манфаатлар уйғунлигига асосланган.
Янги ном остидаги илк ютуқ 1993 йилнинг ноябрида ZXJ2000 рақамли АТСни ишлаб чиқарилиши бўлди. Ушбу маҳсулот Хитойда National New Product of 1994 номига ва Innovative Scientific Star мукофотига сазовор бўлди. Бу мукофот UN Technological Information Promotion System (TIPS)нинг Хитой бўлими томонидан энг илғор компанияларга берилади.
ZXJ2000ни ишлаб чиқаришга қўйиш билан бир вақтда ZTE тадқиқот маркази хусусий фойдаланувчилар учун мўлжалланган ҳажми 2,5 минг абонент бўлган АТС устида иш бошлади. ZXJ2000A деб номланган маҳсулот 1994 йилнинг май ойида сертификатланди, унинг пайдо бўлиши эса ўрта ва йирик корхоналар, меҳмонхоналар, темир йўллар ва давлат муассасаларининг телефон тармоқларини қуриш учун йўл очди.
1993 йилнинг сентябрь ойида компания Нанкин шаҳрида тадқиқот институтини ташкил этди. Бу тузилма катта ҳажмдаги рақамли АТС билан боғлиқ тадқиқотлар билан шуғулланарди. Натижада 1995 йилнинг ноябрь ойида ZXJ10 сертификатланди, унинг ҳажми 170 минг абонентни ташкил этди. Хитой почта ва телекоммуникациялар вазирлиги мансабдорларининг фикрича, ZXJ10 «1990-йиллардаги энг илғор ускуналардан кам бўлмаган дунё даражасидаги оптимал модель» бўлди.
1994 йилнинг август ойида ZTE Шанхайдаги илмий-тадқиқот институтига асос солди. Унинг фаолияти асосий йўналиши симсиз маҳсулотлар ва ахборот тармоқларидан фойдаланиш ускуналарига қаратилди. Мазкур институтда ишлаб чиқилаётган тармоқ маҳсулотлари Телекоммуникациялар ва почта бўйича Бош директоратнинг (Directorate General for Telecommunications and Post, DGTP) экспертлар гуруҳи олқишига сазовор бўлди ва “Хитойдаги энг замонавий технологияларга асосланган илғор ускуналар” сифатида тавсифланди.
1995 йили ZTE компанияси ISO9001сифат менежменти тизими сертификатига эга бўлган Хитойдаги дастлабки ишлаб чиқарувчига айланди. Амалда ушбу сертификация компанияга телекоммуникацион асбоб-ускуналар етказиб берувчиси сифатида жаҳон бозорига йўл очди.
1996 йилнинг февраль ойида ZTE компанияси “уч йўналиш” концепциясини илгари сурди. Унда Хитой телекоммуникация тармоқларини ривожлантириш режаси баён этилганди. Биринчи йўналиш операторлик ва абонентлик асбоб-ускунлардан иборат фақат комплекс маҳсулотларни ривожлантиришдан иборат эди. Иккинчи йўналиш – ички бозор эҳтиёжлари, шу жумладан, қишлоқ жойларини алоқа билан таъминлаш, учинчи устивор йўналиш хорижий бозорларга чиқишдан иборат бўлди. 1996 йилга келиб ZTE Хитойнинг 300 та энг йирик компанияси қаторидан жой олди, унинг активлари қиймати эса 400 млн. доллардан ошди.
ZTE учун дастлабки йирик хорижий шартнома Покистонга қиймати 95 млн. долларлик телекоммуникацион асбоб-ускуналарни етказиб беришдан иборат бўлди. Бу нафақат ZTE, балки бутун Хитой телекоммуникация саноати учун илк йирик хорижий шартнома эди. Бир йилдан сўнг, 1999 йили, ZTE Исломободда (Покистон) ўзининг биринчи халқаро ваколатхонасини очди. Шунингдек, 1999 йили ZTE ZXMVC3000 видеоконференциялар тизимини Кенияга етказиб бериш борасида шартнома имзоланди. ZTEнинг халқаро шартномалари сонининг жадал ўсиши 2003 йилда бошланди. Ўшанда компания Ҳиндистон ва Жазоирнинг йирик операторлари учун CDMA-ускуналарини етказиб бериш бўйича тендерда ғолиб бўлганди. Бундан ташқари, 1998 йили компания Хитойдан ташқарида R&D-марказларини оча бошлади. Масалан, ZTEнинг Америкадаги R&D-институти дастурий таъминот ва CDMA2000 технологияси билан боғлиқ тадқиқотларни бошлади. Ҳозирда компания Хитой, АҚШ, Франция, Швециядаги 18 R&D-марказга эга.
1998-1999 йиллар ZTEнинг Хитой ички бозоридаги ўрнини мустаҳкамлаш учун ҳам муҳим аҳамият касб этди. Биринчидан, компания биринчи хитой икки диапазонли ZTE189 телефонини чиқарди. Уни ишлаб чиқишда фойдаланилган интеллектуал мулкка бўлган барча ҳуқуқлар Хитойга тегишли эди. Иккинчидан, Хитойнинг China Telecom оператори билан илк шартномани имзолади.
2000 йили ZTE олинадиган сим-картали жаҳонда биринчи CDMA-телефонни тақдим этди. Бироқ, абонентлик қурилмалари ZTE учун фақат 2002 йилдан бошлаб стратегик маҳсулотга айланди. 2001 йили эса компания CDMA2000 1x стандартидаги ўз базавий станцияси синовини муваффақиятли амалга оширди ва Хитойда биринчи бўлиб CDMA-тармоқ (ҳажми 1,1 млн. абонент, оператор China Unicom) қурилишини бошлади.
Шу йили ZTE Хитойнинг ўсиш салоҳияти энг юқори бўлган 50 та энг илғор компанияси қаторига кирди ва ўзига билдирилган ишончни оқлади. 2002 йили Intelнинг Хитой бўлими билан ҳамкорликда ZTE CDMA ва UMTS стандартларидаги 3G асбоб-ускуналари устида иш бошлади. 2004 йили эса олимпиадада 16 та олимпия объектлари учун асбоб-ускуналар етказиб берувчи компания сифатида танилди. 2004 йилнинг ўзидаёқ Африкада (ZTEнинг Тунис UMTS тармоғидаги ускуналари орқали) биринчи тижорат 3G-қўнғироғи амалга оширилди. 2005 йилга келиб ZTE асбоб-ускунлари 10 та Европа давлатининг 3G-тармоқларида ишлатиларди. Ички бозорда эса ZTE энг йирик симсиз ускуналар етказиб берувчи компанияга айланди. BusinessWeek нашрининг баҳолашича, бу вақтга келиб компания ахборот технологиялари соҳасида ишловчи «ТОП-100» жаҳон рейтингидан муносиб ўрин эгаллади.
2006 йили бизнесни байналмилаллаштириш жараёни давом эттирилди – ZTE корпоратив тузилмани қайта ташкил этди ва абонентлик асбоб-ускуналарини етказиб бериш борасида иккита йирик шартномани имзолади. Бунда ZTEнинг ҳамкорлари Telus (Канаданинг катталиги бўйича иккинчи оператори) ва France Telecom бўлди. 2007 йили ZTE абонентлик ускуналарини сотиб олувчи халқаро ҳамкорлар рўйхатини кўплаб етакчи операторлар, шу жумладан, Vodafone, Telefonica ва Hutchison компаниялари тўлдирдилар. Операторлик ускуналари бозоридаги муваффақиятлар ҳам катта бўлди. Хусусан, 2006-2007 йил натижаларига кўра, компания CDMA-ускуналарини етказиб бериш борасида биринчи ўринга чиқди ва GSM-тармоқлари учун асбоб-ускуналар етказиб берувчиларнинг ТОП-4 етакчи тўртлигига кирди. 2007 йили ZTE халқаро шартномаларидан олинган фойда компаниянинг бутун даромадининг 60% ташкил этди ва илк бор ички бозорда олинган фойдадан ошди. Бу компания фақат хорижий лойиҳаларга эътиборини жамлади, дегани эмас – ички бозорда унинг ҳиссасига China Mobile учун TD-SCDMA ускуналарини сотиб олиш бўйича шартноманинг 51% тўғри келди.
2008 йилнинг кўрсаткичлари янада юқори бўлди. ZTE асбоб-ускуналари ва терминаллари жаҳоннинг 100 та энг йирик операторларининг 51-тасида ишлатилаётганди, Vodafone билан ҳамкорлик тўғрисида шартномалар имзоланди (шу жумладан, операторлик ускуналарини етказиб беришга ҳам), абонентлик қурилмаларини етказиб бериш ҳажмлари бўйича эса компания жаҳон миёсида 6-ўринга чиқди.
2009 йили ZTE ўз LTE-ечимларини тақдим этди, HSPA+ (21 Мбит/с) тармоқлари учун асбоб-ускуналарни ишлаб чиққани ҳақида эълон қилди ва Qualcomm билан унинг WCDMA-тармоқлар учун мўлжалланган чип тизимларини такомилига етказишга фаол киришди. 2010 йили ZTE Хитой абонентлик ускуналари бозоридаги энг йирик компанияга айланди (200 млн. терминал), 7 та тижорат LTE-тармоқни йўлга қўйди ва Европа, Шимолий ва Жанубий Америка, Яқин Шарқ ва Осиё-Тинч океани минтақаси мамлакатларидан 50 дан ортиқ LTE-тармоқ синовларини ўтказди. Ички бозор ҳам ёддан чиқарилмади – ZTE TD-LTE тармоқларини ривожлантириш устида фаол иш олиб борди, бунинг учун 2010 йили Expo on Emerging Industries of Strategic Importance кўргазмасида муносиб тақдирланди.
ZTE компанияси ҳозирда иқтисодиётнинг турли тармоқлари учун 50 дан ортиқ ечимлар таклиф этмоқда. Хитой компанияси шунингдек истемолчилар учун телефонлардан смартфон ва планшетларгача бўлган кенг турдаги маҳсулотларни таклиф этмоқда. Бу маҳсулотларни бизнинг бозорда харид қилиш мумкин. ZTE смартфонларининг асосий дастурий платформаси – Android ОТ ҳисобланади.
ZTE Ўзбекистон бозорида ҳам фаолият юритмоқда. Мамлакатимиз телекоммуникацион операторлари – Ucell, Beeline, «Узбектелеком» АК ва бошқалар Хитойнинг мазкур компанияси асбоб-ускуналаридан фойдаланадилар.
2013 йилнинг июлида ZTE Ўзбекистоннинг Сирдарё вилоятида мобил телефонлар ва уларнинг аксессуарларини ишлаб чиқариш бўйича қувватларни ишга туширди. Уяли телефонлар UZTE бренди остида ишлаб чиқарилмоқда. Ҳозирда корхона смартфонларнинг олтита моделини ишлаб чиқармоқда.
ZTE янги технологиялар ва стандартларни ишлаб чиқиш устидаги фаолиятини давом эттирмоқда. Масалан, компания 5 авлод технологияси (5G) устида ишламоқда. ZTE 2015 йили 5G соҳасидаги тадқиқотлар ва ишланмаларга харажатларни икки баробар кўпайтириш ниятида ва бу мақсадларга 400 млн. АҚШ доллари миқдорида маблағ сарфлашни режалаштирган, ваҳоланки 2014 йили бу кўрсаткич 200 млнни ташкил этганди. Бундан ташқари, ZTE бешинчи авлод мобиль алоқа билан шуғулланувчи муҳандислар штатини ҳам икки баробарга кўпайтиради.