“Ўзбекнаво” эстрада бирлашмаси хорижий қўшиқчиларнинг ижод маҳсуллари “ўғирланиб”, ўзбекистонлик хонандалар томонидан ижро этилаётгани борасидаги танқидларга муносабат билдирди.
Илгарироқ “Даракчи” газетасига йўлланган мактублардан бирида Сардор Раҳимхоннинг “Йил қўшиғи-2014” мукофотига сазовор бўлган “Маликам энди қара” қўшиғи чет эл ижрочисидан кўчирилгани қаттиқ танқид остига олинган эди. “Ўзбекнаво”да бошқарма бошлиғи лавозимида ишлайдиган Одилжон Абдуқаҳҳоров бу борада фикр билдириб ўтди.

“Бирлашманинг ташаббуси билан “Ўзбекистон” миллий телерадиокомпанияси, “Менинг юртим” телеканали ва хусусий радиоканаллар раҳбариятига плагиат қўшиқларни эфирга бермаслик юзасидан расмий хат юборилди. Бунинг ижроси қандай таъминланаётгани ҳам, албатта, назорат қилиняпти”, – унинг сўзларини келтиради “Даракчи”.

“Хонанда Баҳром Назаровнинг “Пари-пари” қўшиғи эфирдан олиб ташлангандан сўнг у бизга қўшиқнинг асл муаллифидан олинган расмий рухсатномани тақдим этди ва биз уни телеканаллар раҳбариятига хат билан илова қилдик. Сардор Раҳимхон эса қўшиғининг асл муаллифи билан бизни интернет орқали боғлаб, рухсат олганини исботлагач, унинг қўшиғи ҳам ТВ ва радиоэфирларда тақдим этилишига рухсат бердик”, – қўшимча қилди Абдуқаҳҳоров.