Тошкентга Франция корхоналар ҳаракати миссияси (MEDEF International) етиб келди. Бу ҳақда Франциянинг Ўзбекистондаги элчихонаси сайтида маълум қилинган.

Франциянинг Ўзбекистондаги элчихонаси матбуот хизматининг маълум қилишича, миссия 10-12 июнь кунлари давом этади.

Делегация таркибига Франциянинг 20 компанияси вакиллари кирди. Улар авиасозлик, банкинг, мудофаа ва хавфсизлик, энергетика, атроф муҳитни муҳофаза қилиш, инфраструктура, соғлиқни сақлаш, телекоммуникация, транспорт сингари соҳаларни ўз ичига олади.

Делегацияга ҳаракат бош директори вазифасини бажарувчи Филипп Готье раҳбарлик қилмоқда. Унинг ташрифи MEDEF International “Франция-Ўзбекистон” корхоналари раҳбарлари кенгаши доирасида ташкил қилинди.

Ташриф дастурида делегация вакилларининг ҳукумат аъзолари билан учрашувлари, Ўзбекистоннинг йирик компаниялари ва мамлакатда фаолият юритаётган халқаро молиявий институтлар вакиллари билан музокаралари кўзда тутилган.