Жаҳон банки 2015 йил якунларига кўра жаҳон ялпи ички маҳсулоти ўсиш кўрсаткичларини 3 фоиздан 2.8 фоизга туширди. Бу ҳақда Reuters агентлиги молиявий институтнинг “Глобал иқтисодий истиқболлар” ҳисоботига асосланган ҳолда хабар бермоқда.
Институт мамлакатларни “камарларни бойлаш”га, энергия ресурслари, айниқса нефть нархининг тушишига, АҚШ кредит ставкаларининг ошишига тайёр туришга чақирмоқда.
Жаҳон банкининг етакчи иқтисодчиси Каушик Басу АҚШ Федерал захира тизимини асосий ставкаларни оширишни 2016 йилга қолдиришга чақирди, акс ҳолда, мутахассиснинг фикрича, бу глобал иқтисодиётнинг ўсишига тўсқинлик қилади.
Ривожланаётган давлатлардаги ўсиш истиқболлари 4.8 фоиздан 4.4 фоизга туширилди. Иқтисодиётнинг тушиши айниқса Россия ва Бразилияда сезиларли бўлади. Айни пайтда, Ҳиндистонда ўсиш давом этиб, 2015 йилда 7.5 фоизни ташкил қилади.
2016 ва 2017 йиллар учун башорат кўрсаткичлари ўзгаришларсиз – 3.3 ва 3.2 фоиз даражасида қолдирилди.