Қозоғистон президенти Нурсултон Назарбоев Иордания қироли Абдулла II билан учрашди. Учрашув чоғида икки томонлама ҳамкорлик истиқболлари муҳокама қилинди. Шунингдек, халқаро сиёсатнинг долзарб масалалари бўйича фикр алмашишди.

Икки давлат раҳбари Остонада бўлиб ўтаётган Жаҳон ва анъанавий динлар етакчилари съезди ишини муҳокама қилди.
Назарбоев Иордания ва Қозоғистон ўртасидаги яқин муносабатларга алоҳида эътибор қаратди.

“Орамизда ҳар доим ўзаро ишончга асосланган алоқалар бўлган. Қозоғистон сизнинг мамлакатингизга чексиз ҳурмат билан қарайди. Сизнинг минтақа барқарорлигида ўйнаётган муҳим ролингизни алоҳида таъкидлаб ўтмоқчи эдим”, – деди Назарбоев учрашув чоғида.
Ўз навбатида, Zakon.kz ресурсининг маълум қилишича, Иордания қироли Назарбоевга Қозоғистонга таклиф қилгани учун миннатдорчилик билдириб, икки томонлама муносабатларни мустаҳкамлашнинг аҳамиятига урғу берди.