Тошкентда пахта тозалаш соҳасини инновацион ривожлантиришга бағишланган пресс-конференция бўлиб ўтди. Тадбир Вазирлар Маҳкамаси қошидаги ахборот тизимлари ва телекоммуникациялар масалалари бўйича ахборот-таҳлилий департаменти ва “Ўзпахтасаноат” уюшмаси томонидан ташкил қилинди.
Тадбир давомида маълум қилинишича, ўтган йили ва жорий йилнинг биринчи чорагида соҳа корхоналари 3.4 млн тонна пахта хом ашёсини қайта ишлашган, бунинг натижасида 1 млн тоннадан ортиқ пахта толаси, 80 минг тонна линт ва 1.6 млн пахта чигити олинган. Маҳсулотларнинг умумий қиймати 4 трлн сўмни ташкил қилган.

Шунингдек, тадбир иштирокчилари пахта заводларининг техник қайта жиҳозланиши ва модернизацияси қандай кечаётгани ҳақида маълумот беришди. Бундан ташқари, пахта тозалаш корхоналарининг VIII Республика инновацион ғоялар, технологиялар ва лойиҳалар ярмаркасидаги иштироки якунларига тўхталинди. Маълум қилинишича, ярмаркада “Пахтасаноат” илмий марказининг техник янгиликлари барчанинг диққатига сазовор бўлди. Илмий марказ пахта тозалаш корхоналари билан умумий қиймати 412.7 млн сўмлик жами 18 шартнома имзолади.

Тадбирда соҳада фаолият юритаётган бошқа корхоналар олиб бораётган ишлар билан ҳам танишиб чиқилди.