Ўзбекистонда Парламент комиссиясининг ижтимоий буюртмаларни ажратиш ва 2015 йилда грант танловларини ўтказиш қарори омма ихтиёрига ҳавола этилди.

2015 йилнинг 10 июнида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоатчилик фондини бошқариш воситалари бўйича Парламент комиссиясининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди.

Мажлис давомида Парламент комиссияси давлат ижтимоий буюртмаларини тақдим қилиш бўйича танлов ғолибларини аниқлади, давлат грант танловлари ва 2014 йилда давлат субсидиялари маблағларидан самарали ва оқилона фойдаланиш мониторинги якунларини муҳокама қилди ҳамда Парламент комиссияси аъзоларининг ҳисоботлари тингланди.

Парламент комиссияси мажлисда ўрнатилган тартибда нодавлат нотижорат ташкилотлари, ОАВлар ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларига давлат ижтимоий буюртмаларини тақдим қилишнинг мақсадга мувофиқлиги бўйича қарор қабул қилди: 2 млрд сўмлик 15та лойиҳа қўллаб-қувватланди. Давлат ижтимоий буюртмаси ғолиблари рўйхати, давлат буюртмачилари ва ижтимоий буюртма фаолияти йўналишлари ОАВларда ҳамда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Жамоатчилик фонди расмий сайтида чоп этилади.