Янги Зеландияда бўлиб ўтаётган ёшлар ўртасидаги Жаҳон чемпионати нимчорак финали доирасидаги Австрия – Ўзбекистон (0:2) учрашувидан сўнг Ўзбекистон U-20 терма жамоаси бош мураббийи Равшан Ҳайдаров матбуот анжуманида журналистлар билан суҳбатда бўлди.

“Албатта, барчамиз жуда хурсандмиз. Йигитларга катта раҳмат. Барча кўрсатмаларни аъло даражада бажаришди ва биз ҳақли равишда ғалаба қозондик. Ўйин учун танланган тўғри тактика ва йигитларимиз бор кучини бериб ўйнагани ғалаба биз томонда бўлишини таъминлади деб ўйлайман”.

“Достон Ҳамдамов бугун жуда яхши ўйин кўрсатди. Унинг киритган икки голи бизга ғалаба келтирди. Бироқ бу ғалаба учун қолган барча йигитлар ҳам бирдек меҳнат қилишди. Ғалаба барчаники. Ҳамма бу ғалабага ўз ҳиссасини қўшди”.

“Биз ҳимояда эҳтиёткорлик билан ҳаракат қилиб, қарши ҳужумларда рақибни “ушлашга” ҳаракат қилдик ва бу тактикамиз иш берди. Биринчи бўлимда бироз совуққонлик етишмади. Аммо иккинчи бўлимда босимни бироз оширдик. Ҳимоячиларимиз ҳам ҳужумларга яхши қўшилди”.

“Бизни қўллаб-қувватлаб турган барчага раҳмат. Биз чорак финал билан чегараланиб қолмоқчи эмасмиз. Турнирга аввалги натижаларни янада яхшилаш учун келганмиз. Футболчилар ҳам буни яхши билишади”, — дейди Равшан Ҳайдаров.