Сурхондарё вилоятида учта янги музқаймоқ ишлаб чиқарувчиси иш бошлайди. Термизда жорий йилнинг учинчи чорагида “Саиджон Муҳаммаджон музқаймоклари” корхонаси негизида сут маҳсулотлари ва музқаймоқ ишлаб чиқариш йўлга қўйилади. 1.2 млн долларлик лойиҳа корхонанинг ўз маблағлари (700 минг доллар) ва “Асака” банкининг кредити (500 минг доллар) ҳисобидан молиялаштирилади. Янги ишлаб чиқаришнинг йиллик қуввати 700 минг тонна маҳсулот ишлаб чиқаришга етади. Унда 100та янги иш ўрни яратилади.

Деновда бир йўла иккита янги корхона очилади. Ёзда “Афросиёб” корхонасида музқаймоқ ишлаб чиқарувчи цех иш бошлайди. 175 минг долларлик лойиҳани молиялаштириш корхонанинг ўз маблағлари (25 минг доллар) ва Миллий банк кредити (150 минг доллар) ҳисобига амалга оширилади. Ушбу цех йилига 100 минг тонна сутни қайта ишлай олади.
Бундан ташқари, кейинги йил бошида “Регистон Денов савдо” қўшма корхонаси негизида йилига 200 минг тонна сутни қайта ишлашга қодир ишлаб чиқариш ташкил этилади. Унда 45та янги иш ўрни яратилади. 440 минг долларлик лойиҳани молиялаштиришни корхонанинг ўзи (250 минг доллар) ва “Ўзсаноатқурилишбанк” (190 минг доллар) зиммаларига олади.