Тошкентнинг Яшнобод туманида ноқонуний фаолият юритиб келган ошхонала ўтказилган текширув у ерда тайёрланган озиқ-овқат маҳсулотларининг санитария-гигиена қоидаларига мос келмаслигини кўрсатди.
“Огоҳ” нашрининг ёзишича, Санжар Абдуллаев турмуш ўртоғи Фарида Темирова билан биргаликда тегишли тартибда давлат рўйхатидан ўтмасдан Яшнободнинг гавжум нуқталаридан бирида ошхона ташкил қилишган. Х. Суҳробов ошпазликка, Д. Боқиева официантликка қабул қилинган. 2013 йил майидан 2014 йил 7 мартга қадар бу ерда жами 78 млн сўмлик савдо ва хизмат кўрсатиш фаолияти амалга оширилиб, шундан 60 млн сўмдан зиёд даромад кўрилган.

Яшнобод туман ДСЭНМнинг маълумотномасида С. Абдуллаев томонидан ташкил қилинган ошхонадан олинган тайёр озиқ-овқат намуналари ва ошхона анжомларидан олинган суртмалар бактериологик лаборатория таҳлилидан ўтказилганда, уларнинг таркибида ўткир ошқозон-ичак касаллигини қўзғатувчи ичак таёқчаси борлиги аниқлангани айтилади.
2014 йил 7 март куни ўтказилган текширувлар натижасида ошхонанинг ҳеч қандай ҳужжатлари йўқлиги, ошхона биноси “Шердор” МЧЖга тегишли эканлиги, мазкур бинодан фойдалангани учун оғзаки келишувга асосан ушбу жамият раҳбари А. Эркиновга ҳар ойда 350 минг сўм ижара ҳақи берилиб келгани маълум бўлди.

Ноқонуний ошхона фаолиятига чек қўйилиб, унинг эгалари ва фаолияти иштирокчилари жавобгарликка тортилди.