Тошкент шаҳридаги Халқаро ҳамкорлик марказида 11 июнь куни Ўзбекистон ва Франция ишбилармон доираларининг бизнес-форуми бўлиб ўтди.

Тадбирда икки мамлакатнинг ташқи иқтисодий алоқалар, савдо, сармоя, иқтисодиёт, банк-молия, нефть-газ, соғлиқни сақлаш, фармацевтика, қишлоқ ва сув хўжалиги, экология, транспорт ва коммуникациялар, авиасозлик, консалтинг хизмати ҳамда қурилиш каби соҳалар учун масъул вазирлик ва идоралари, компания ва концернлари раҳбарлари иштирок этди.

Савдо соҳасида энг кўп қулайлик яратиш тартиби жорий қилинган. 2014 йилда ўзаро товар айирбошлаш ҳажми 287,5 миллион АҚШ долларини ташкил қилди. 2015 йилнинг биринчи чорагида ушбу кўрсаткич 7,1 фоизга ошди. Ўзбекистонда франциялик сармоядорлар иштирокида тузилган 14 қўшма корхона, Франциянинг 10 компанияси ваколатхонаси фаолият юритмоқда.

Икки мамлакат макроиқтисодиёт, молия, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни бошқариш учун кадрлар тайёрлаш йўналишида ҳам самарали ҳамкорлик қилмоқда. Ўзбекистон олимлари франциялик мутахассислар билан қуёш энергиясини ўрганиш, юқумли касалликларнинг олдини олиш ва уларга қарши курашиш, селекция каби соҳаларда тадқиқотлар олиб бормоқда.

Анжуманда франциялик ишбилармонларга Ўзбекистон иқтисодиётига сармоя жалб қилишнинг устувор йўналишлари, Ўзбекистоннинг ёқилғи-энергетика, транспорт ва транспорт коммуникациялари, фармацевтика, хусусийлаштириш, ахборот технологиялари ва коммуникациялар каби соҳалардаги салоҳияти, «Навоий», «Жиззах» ва «Ангрен» индустриал зоналаридаги имкониятлар ҳақида маълумот берилди.

Тадбирда ўзаро товар айирбошлаш ҳажмини янада ошириш, қўшма корхоналар сонини ва ўзаро савдодаги маҳсулотлар турини кўпайтириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Франция делегацияси аъзолари қатор вазирлик ва идораларда ҳам музокаралар ўтказди. Учрашувларда мамлакатлар ўртасидаги савдо-иқтисодий, сармоявий ҳамкорликни янада ривожлантириш масалалари юзасидан фикр алмашилди.