АҚШда Ўзбекистон фуқароси Акмал Зокиров ИШИД гуруҳига ёрдам кўрсатишга ҳаракат қилганликда айбланмоқда. Бу ҳақда Нью-Йорк Шарқий федерал округи прокурори вазифасини бажарувчи Келли Карри маълум қилди.
Карри хонимнинг сўзларига қараганда, 29 ёшли Зокиров одамлар орасида ИШИД сафларига киришни тарғиб қилиб борган. Аниқланишича, у Нью-Йоркда истиқомат қилувчи тўрт киши билан тил бириктириб ҳаракат қилган. Улардан уч нафари Ўзбекистон фуқароси, бир нафари қозоғистонликдир.
Жорий йилнинг февралида Қозоғистон фуқароси Аҳрор Саидаҳмедов Нью-Йоркнинг Жон Кеннеди номли халқаро аэропортида тўхтатиб қолинган эди. Кейинчалик у ўзбекистонлик шериклари билан Туркияга учмоқчи, у ердан эса Сурияга ўтиб, ИШИД сафига қўшилмоқчи бўлгани айтилди. Шу айбловлар 24 ёшли ўзбекистонлик Абдурасул Жўрабоевга ҳам қўйилди. Зокиров ушбу гуруҳнинг бешинчи аъзоси деб ҳисобланмоқда.
Айбловлар тасдиқланса, Зокиров 30 йилга қамалади.