Миллий матбуот марказида Ўзбекистон Республикаси Маданият ва спорт ишлари вазирлиги томонидан “Гўзал ва сўлим дам олиш масканлари – халқимиз хизматида” мавзусида матбуот анжумани ўтказилди.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2010 йил 29 декабрдаги «2011-2015 йилларда маданият ва истироҳат боғларининг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш ва уларнинг фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари дастурини тасдиқлаш тўғрисида»ги қарорига биноан жорий йилнинг охиригача 77 янги боғ ташкил этилиши, мавжуд 148 боғдан 105 таси капитал реконструкция қилиниши, 29 тасини капитал таъмирлаш, 14 тасини жорий таъмирлаш белгиланган. 

Дастур асосида 2011-2014 йилларда 90 маданият ва истироҳат боғида кенг кўламли таъмирлаш ва жиҳозлаш ишлари бажарилди. Маданият ва истироҳат боғларига 800 дан ортиқ замонавий аттракцион ўрнатилди. Ушбу ишларга 133 миллиард 656 миллион сўмдан ортиқ маблағ сарфланди. Ҳозир яна 80 боғда босқичма-босқич таъмирлаш ишлари давом эттирилмоқда. 

Ўзбекистондаги 225 маданият ва истироҳат боғида дам олиш мавсуми бошланганидан буён турли маданий-маърифий тадбирлар, концертлар, ижодий учрашувлар, болалар учун спорт мусобақалари ўтказилмоқда. «Кексаларни эъзозлаш йили» Давлат дастури доирасида мазкур муассасаларда нуронийларга мўлжалланган дам олиш масканлари ташкил этилиб, уларда фахрийларнинг мароқли ҳордиқ чиқариши учун зарур шарт-шароит яратилмоқда. 

Тадбирда маданият ва истироҳат боғларида аҳолининг дам олиши учун мақбул шароит яратишга доир саволларга атрофлича жавоб қайтарилди.