Pepsi компаниясининг Ўзбекистондаги реклама баннеридаги имловий хатолар ижтимоий тармоқда кескин танқид қилинди. Дастлаб бу хатога "Ёшулли" никли твиттерчи эътиборини қаратган. Реклама баннерида лотинча ҳарфлар билан "O`ZiNGA ISHON va PEPSi ORZUiNGNi iJRO ETADi!", деб ёзилган ҳамда қатордаги сўзлар бош ва кичик ҳарфларда ёзилишидан ташқари, биринчи сўзда битта "г" ҳарфи тушириб қолдирилганини кўриш мумкин.

"Pepsi рекламасидаги имловий хатолар (адно авлодига шон-шарафлар!", дея изтеҳзо билан ёзади у ва янгилик сайтларида бу муаммо ёритилишини сўрайди.

Шунингдек, у давлат тилини давлат рамзига айлантириш, ОАВлардаги имловий хатони давлат рамзини ҳақорат қилиш даражасига олиб чиқиш кераклигини қайд этади. У бу реклама телевидение орқали ҳар куни эфирга узатилаётганини таъкидлаб, компанияни, реклама клипини ишлаган студияни, бу рекламани эфирга узатган ТВ раҳбариятини ҳам жазолаш кераклигини қўшимча қилади.

Ўз навбатида унинг чақириғига муносабат билдирган иккинчи бир твиттерчи бу фикрларни қўллаб-қувватлаган ҳамда сайтларда бу муаммо кўтариб чиқилса, банерлардаги хатолар тузатилишига ишонч билдирган. У авваллари бундай хатолар марказий нашрларда "уриб чиқилиши"ни эслайди ва ҳозирги нашрлар маиший мавзулардан ортмаётганидан нолийди.

Имловий хатолар бўйича ташаббус кўрсатган биринчи твиттерчи эса ОАВлардаги имловий хатолар учун ҳам жарима жорий қилинишини исташини билдириб ўтган.