Россия Федерал антимонопол хизмати раҳбари Игорь Артёмьев Божхона иттифоқи давлатларида роумингни бекор қилиш кераклигини айтмоқда, деб хабар бермоқда Интерфакс ахборот агентлиги.

“Бешта давлат – Россия, Қозоғистон, Арманистон, Қирғизистон, Беларусь давлатлари ҳудудида умуман роуминг бўлиши керак эмас”, деб айтди Артёмьев “Россия 24” телеканалига берган интервьюсида.

Артёмьевнинг фикрича, ҳозирда Россия мобиль алоқа операторлари халқаро роумингга нархларни меъёридан анча ошириб юборишмоқда. “Халқаро роуминг нархи хорижий компаниялар амалга оширадиган қайта улашларга боғлиқ. Аслида эса, бизнинг компаниялар айёрлик қиляпти деб ўйламоқдамиз. Улар бу нархларни 5 маротаба қимматроқ тақдим қилишмоқда. Улар бу маълумотни Божхона иттифоқи антимонопол хизматларидан яширишга ҳаракат қилишди. Улар ўзларига боғлиқ қисмни катта миқдорда ошириб юбориб, ҳамма айбни хорижий компанияларга юклашмоқда”, деб тушунтириб ўтди вазиятни Артёмьев.

Артёмьевнинг айтишича, Федерал антимонопол хизмат МДҲ доирасида тегишли тергов ўзтказмоқда. “Биз операторларга роуминг учун нархларни тушириш кераклигини айтдик. Божхона иттифоқи доирасида умуман роуминг бўлмаслиги керак ва Россия фуқаролари бу борада Божхона иттифоқидаги бошқа давлатларнинг фуқаролари каби нормал шароитда бўлишлари лозим”, деб айтди Артёмьев ва бошқа йўналишлар бўйича ҳам нархларни икки баробарга камайтириш кераклигини қўшимча қилиб ўтди.