Самарқандда истиқомат қилувчи Азамат тиббий кўрикдан тез-тез ўтиб туриб, шифокор Рустам Маликов билан яқин танишиб қолди. Унинг машина олмоқчи бўлиб юрганини эшитган Азамат шифокорга бу масалани ҳал қилиб бера олишини айтиб, ундан 300 доллар олиб кетди.

Шундан сўнг, “Ҳуқуқ” газетасининг ёзишича, у узоқ муддат давомида Маликовни алдаб юриб, ундан катта миқдорда пулни қаллоблик йўли билан ундирган. Жумладан, дастлаб 5 минг доллар, сўнг 400 доллар, ундан кейин яна 2 минг ва 2150 доллар, жами 4850 доллар олган.
Гумонсирай бошлаган шифокор ундан тилхат олишга эришган. Шундан сўнг Азамат Маликовга оқ рангли Lacetti келтириб бериб, янги машина олиб берганча шуни ҳайдаб туришини айтиб кетган. Аммо, орадан кўп вақт ўтмай, нотаниш йигит шифокорнинг уйига келиб, машина ўзига тегишли эканини, Азамат уни ўғирлаб кетганини айтган. Икковлон ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга мурожаат қилган.

Милиция ходимлари тез орада қаллобни ушлаб, машинани ҳам, пулларни ҳам эгасига олиб берди.