АҚШнинг Аризона штатида минглаб асаларилар ҳужумига учраган одам шифохонага олиб келинди. Бу ҳақда Guardian нашрида ёзилган.

Хабарда айтилишича, Кингман шаҳридаги фермалардан бирида ишловчи бу шахсни ўн минглаб асалари қувиб борган ва икки йўловчи уни ўлимдан сақлаб қолган. Ёрдам берган йўловчиларга ҳам ёрдам кўрсатилишига тўғри келган.

"Унга ҳужум қилган асалариларнинг миқдорини тасаввур қилиш қийин. У худди Голливуднинг қўрқинчли фильмлари қаҳрамони аҳволида қолган", деб фикр билдиради маҳаллий округ шерифи.

Маҳаллий асаларичилардан бирининг маълум қилишича, йилнинг бу даврида асалариларда шундай ҳужумкор ҳолат кузатилади ва бир неча кун давом этади.

Округ аҳолисига бундай асаларидан эҳтиёт бўлиш, машиналарнинг ойналарини ёпиб юриш тавсия қилинган.