Икки нафар ўзбекистонлик Тюменда пенсионер аёлни ўғирлаб кетиб, уни озод этиш эвазига 700 минг рубль талаб қилди

Жамият 13 Июнь 2015 1837

11 июнь куни 18:00 да Россия Ички ишлар вазирлигининг Тюмень вилояти бўйича бошқармасининг навбатчи қисмига Остонада яшайдиган қиз қўнғироқ қилиб, номаълум шахслар унинг Тюменда яшайдиган онасини ўғирлаб кетишганини ва аёлни озод қилиш учун 700 минг рубль талаб қилишаётганини маълум қилган.

12 июнь куни Россия Ички ишлар вазирлигининг Тюмень вилояти бўйича бошқармаси ходимлари Тезкор жавоб бериш махсус отряди жангчиларининг қўллаб-қувватлаши остида Тюмень шаҳри Пермякова кўчасида ижарага олинган квартирада аёлни ўғирлаб кетган Россия ҳудудида ноқонуний яшаётган 1976 ва 1983 йилларда туғилган икки нафар Ўзбекистон фуқаросини қўлга олдилар. Аёл эса озод этилди.

Россия Федерацияси Тергов қўмитасининг Тюмень вилояти тергов бошқармасида аёл уни ўғирлаб кетишда гумон қилинаётганлардан бири билан 2015 йилнинг май ойида поездда танишиб қолгани маълум қилинди. Аёл жиноятчига биологик фаол қўшимчалар сотишини ва яхши даромад топишини айтган. Айнан шундан кейин жиноятчи аёлни ўғирлаб, уни озод этиш эвазига пул сўрашга қарор қилган. Эркак ўзининг таниши билан Тюменда ижарага квартира олиб, пенсионер аёлга қўнғироқ қилган ва унга анчагина мижозлар топиб қўйгани ҳамда мижозлар билан кўришиш учун келишни таклиф қилган. Аёл ҳам соддалик қилиб рози бўлган.

Ваъда қилинган мижозлар ўрнига жиноятчилар аёлни зўровонлик билан ижарага олинган квартирага олиб бориб, скотч ва арқон билан боғлаб, куч билан ушлаб туришган.

Ушбу воқеа юзасидан жиноий иш қўзғатилди. Терговчилар воқеа тафсилотларини аниқлашга қаратилган зарурий ҳаракатларни амалга оширмоқдалар. Тергов давом этмоқда.

Кўпроқ янгиликлар