Қирғизистонлик чегарачилари ўзбекистонлик фуқарони ноқонуний равишда ушлаб туришган ва унинг озод этилиши учун пул талаб қилишган.

Хабар қилинишича, 4 июнь куни соат 19:30 да Қирғизистоннинг Боткент вилояти, Боткент туманидаги Бужай қишлоғидаги чегарачилар Ўзбекистоннинг Фарғона вилоятига қарашли Сох туманидаги Мальбут қишлоғида яшовчи Муҳаммад Алиевни чақиртиришган ва у келганида, дарахтга боғлаб қўйишган. Бунга асос сифатида Алиевнинг Қирғизистон фуқаролари ҳақида ўзбекистонлик чегарачиларга маълумот етказиб бериш билан шуғулланиши борасидаги шубҳалар келтирилган.

Қирғизистонлик чегарачилар Алиевнинг озод қилиниши учун 1000 доллар пул сўрашган. Алиев эса ўзида бундай миқдордаги пул йўқлигини айтгач, улар 200 долларга ҳам рози бўлишларини билдиришган.

5 июнь куни Ўзбекистоннинг Сох туманидаги чегара пункти бошлиғи қўшни давлат вакиллари олдига бориб, уларни бу вазият маҳбусликдаги Алиевнинг қишлоқдошлари норозилигига сабаб бўлаётгани ва бу жиддий оқибатларга олиб келиши мумкинлигидан огоҳлантиргач, Алиев озод қилинган.