Туркманистоннинг «TürkmenÄlem 52°E» сунъий йўлдоши мамлакат миллий телевидениеси ва радисоси дастурларини узатишни бошлади. Бу ҳақда "Туркменистан: золотой век" электрон газетаси хабар берди.

Эндиликда Туркманистон миллий телеканаллари деярли бутун Европа, Шимолий Африка ва Осиёнинг катта қисмига узатилади. Ушбу ҳудудларда 1,2 миллиард киши яшаши айтилган.

Сунъий йўлдош орқали «Алтин асир: Туркменистан», «Яшлик», «Mирас», «Туркменистан», «Ашхабад», «Туркмен авази» ва «Туркменистан спорт» телеканаллари, шунингдек тўртта радиоканал тарқатилади.

Эслатиб ўтамиз, Туркманистоннинг илк сунъий йўлдоши апрель ойи охирида АҚШнинг Флорида штатидаги Канаверал бурнида жойлашган космодромдан учирилган эди.