Женевада иқлим ўзгаришларига қарши курашишга бағишланган олий даражадаги учрашув очилди. Бу учрашувда Халқаро меҳнат ташкилоти (ХМТ) бош директори Гай Райдер нутқ сўзлади.

Райдернинг фикрича, агар тўғри стратегия танланса, унда “яшил” ва кам углеродли ривожланиш шароитларида 60 млн.га яқин янги иш ўринлари пайдо бўлиши мумкин. “Иқлим ўзгариши борасидаги ҳозирдаги ҳаракатсизлик келажакда қимматга тушиши мумкин”, деб айтди ХМТ раҳбари ХМТ конференцияси доирасида ўтаётган Жаҳон меҳнат саммитида.

Гай Райдер кам углеродли ривожланишга ўтиш йўлидаги чақириқлар ва устунликларни таъкидлади. У иқлим ўзгариши билан курашиш миллионлаб янги “яшил” иш ўринларининг яратилишига олиб келиши мумкинлигини айтиб ўтди. Гап қайта тикланувчи энергияни ривожлантириш, атроф-муҳитни сақлаш, қишлоқ хўжалиги ва саноат, сайёҳлик ва бошқарув соҳасида меҳнат унумдорлигини оширишга кўмак берувчи иш ўринлари ҳақида бормоқда.

Саммитда АҚШлик хонанда ва продюсер Фаррелл Уильямс ҳам иштирок этди. У халқаро ҳамжамиятни миллионлаб ёшлар меҳнат қилиш ва таълим олиш имкониятига эга бўлмаган ҳозирги вазиятни ўзгартиришга чақирди. Уильямс “яшил” ва муносиб иш ўринлари ёшлар орасида ишсизлик муаммосига жавоб бўлиши кераклигини таъкидлаб ўтди.