Голландиянинг AerCap авиализинг компанияси 100 дона Boeing 737 MAX самолётини сотиб олмоқчи. Битим суммаси ушбу типдаги самолётларнинг каталог бўйича нархига асосланиб 11 млрд долларга баҳоланмоқда. Бу ҳақда музокаралардан хабардор бўлган иккита манбага иқтибос келтирган ҳолда “Reuters” ахборот агентлиги хабар бермоқда.

Шартноманинг имзоланиши кейинги ҳафтада Франциянинг Ле Бурже шаҳрида ўтказиладиган халқаро авиасалонда бўлиб ўтиши кутилмоқда.

Икки компания расмий вакиллари бу ахборотга изоҳ беришдан бош тортишди. Аввалроқ АҚШнинг Delta Air Lines авиакомпанияси 40 та Boeing 737-900 самолёти сотиб олиши, келишув миқдори 4 млрд долларни ташкил қилиши маълум қилинганди.