Ҳиндистоннинг шимолида жойлашган Уттар-Прадеш штатида содир бўлган йўл-транспорт ҳодисасида камида 17 киши ҳалок бўлди, яна 30 киши жароҳат олди. Бу ҳақда The Indian Express газетаси ўзининг сайтида маълум қилди.

Авария Харчандпур қишлоғи яқинида содир бўлди. Юк машинаси тиркамасида зиёратчиларни олиб кетаётган иккита тракторга бориб урилган. Ҳалок бўлганлар орасида 12 нафар аёл ва 5 нафар бола бор. Барча жароҳат олганлар яқин орадаги шифохоналарга етказилган, улардан баъзиларининг аҳволи жуда ёмон қолмоқда. Дастлабки маълумотларга кўра, ЙТҲга юк машинаси ҳайдовчисининг тезликни бироз оширгани сабаб бўлган.

Ҳиндистон йўл-транспорт ҳодисаларида ўлим рўй бериши бўйича дунёда биринчи ўринни эгаллайди. 2011 йилда мамлакат йўлларидаги авариялар 140 минг кишининг, 2012 йилда эса 150 мингдан кўпроқ кишининг умрини олиб кетган. ЙТҲларнинг қарийб 70 фоизига инсон омили сабаб бўлади.