Тошкент ислом институтида битирувчиларнинг “ХАТМОНА – 2015 ” тадбири бўлиб ўтди

Жамият 14 Июнь 2015 2484

Жорий йилнинг 11 июнь куни Имом Бухорий номли Тошкент ислом институтида битирувчиларнинг “ХАТМОНА – 2015 ” тадбири бўлиб ўтди. Тадбирда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий У.Алимов, Ўзбекистон мусулмонлар идораси раиси ўринбосари А.Мансуров, Ўзбекистон Республикаси Президенти Девони масъул ходими Э.Ибрагимов, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита бўлим бошиғи М.Йўлдошев, шунингдек, Тошкент ислом университети, “Кўкалдош” ва “Хадичаи Кубро” ўрта махсус ислом билим юртлари вакиллар, имом-хатиблар, ТИИнинг фахрий устозлари, институт профессор-ўқитувчилари, ходимлари, талабалари ва битирувчилари ҳамда уларнинг ота-оналари иштирок этдилар. 

Тадбир Ўзбекистон Республикаси Давлат мадҳияси билан бошланди. Сўнг битирувчи талаба А.Қобилов томонидан Қуръони карим тиловат қилингач, Муфтий ҳазратлари дуои фотиҳа қилиб бердилар.

Хатмона тадбирини кириш сўзи билан ТИИ ректори Ҳ.Юлдашходжаев очиб берди. Шундан сўнг даврага битирувчиларни табриклаш учун Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий У.Алимов таклиф этилди. Муфтий ҳазратлари ўз сўзларида бугунги кундаги тинчлик-хотиржамликни қадрига етиб, Аллоҳга кўп шукроналар қилиш, илм олишда тўхтаб қолмаслик ҳақида битирувчиларга насиҳатлар қилиб, уларни ушбу шодиёна билан табрикладилар ва оқ фотиҳа бердилар. 

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Президенти Девони масъул ходими Э.Ибрагимов ва Дин ишлари бўйича қўмита бўлим бошлиғи М.Йўлдошев ҳам сўз олиб, битирувчиларни муборакбод этдилар ҳамда уларга юртимиз ижтимоий-маънавий ва диний-маърифий ҳаётида янада фаол иштирок этиб, Ватан равнақи ва халқимиз фаровонлиги йўлида ҳормай-толмай меҳнат қилиш кераклигини таъкидладилар ва битирувчиларга келажакдаги ишларида оқ йўл тиладилар.

Сўнг ўтган ўқув йилида институтдаги ўқув, маънавий-маърифий ва жамоат ишларида ўзларининг фидойиликлари, жонбозликлари ва фаолликлари учун устозлар ва талабаларни тақдирлашга навбат берилди. Уларга ЎМИ раиси ўринбосари Шайх Абдулазиз Мансур фахрий ёрлиқларни топширдилар. 

Тадбир давомида cўз навбати битирувчиларга берилди. Улар ўзбек, араб, инглиз ва рус тилларида ўз дил изҳорларини билдирдилар. Хатмона кечага ташриф буюрган қадрли ота-оналар ҳам сўз олишди. Битирувчиларни табриклаб, талабаларга шундай шароитларни яратиб берган Ўзбекистон мусулмонлари идораси раҳбариятига ва ТИИ жамоасига самимий миннатдорлик сўзларини айтдилар.

Тадбирнинг расмий қисми ўз ниҳоясига етгач, унинг бадиий қисми бошланди. Тошкент маданият коллежи кафедра мудири, “Ниҳол” мукофоти совриндори ҳофиз А.Жалилов бошчилигидаги санъаткорлар томонидан миллий куй ва қўшиқларнинг ижро этилиши хатмона кечасига янада файз киритиб, тадбирнинг савияли, ажойиб ва кўтаринки руҳда ўтишини таъминлади. 

Кеча меҳмонлари ва иштирокчилари учун зиёфат уюштирилди ва улар байрам дастурхонига таклиф қилинди. Тадбир якунида Муфтий ҳазрат битирувчи талабалар ва барча иштирокчилар ҳақига дуо қилдилар. Сўнг битирувчилар азиз меҳмонлар ва институт жамоаси билан эсдалик учун суратга тушдилар. 

Ж.Мелиқўзиев, ТИИ проректори.

Манба: muslim.uz

Кўпроқ янгиликлар