Халқаро жиноий суд Жанубий Африка Республикаси ҳукуматини Судан президенти Умар ал-Баширни Африка давлатлари етакчилари саммитига ташрифи чоғида ҳибсга олишга чақирди, деб хабар бермоқда “Би-би-си” телеканали.

Суд берган баёнотда ЖАР Ал-Баширни қўлга олишда “ўз кучини аямаслиги” ва “суд олдидаги ўз мажбуриятларини ҳурмат қилиши кераклиги” айтилган.

Бироқ ЖАР ҳукумати Судан президентининг Йоханнесбургга ташрифи пайтида унга ҳеч қандай қаршилик кўрсатмаган.

Дафурдаги жиноятлар бўйича Судан президентига нисбатан қўйилган айбловлар унинг дунё бўйлаб ҳаракатланишини жиддий чеклаб қўйди. Судан етакчиси охирги пайтларда фақатгина Африка ва Яқин Шарқдаги дўстона давлатларгагина ташриф буюрган.

Аввалроқ халқаро қидирувда бўлган Судан президенти БМТга ташрифини бекор қилгани маълум қилинганди.