2013 йилдан буён Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси ва Милан савдо-саноат, ҳунармандчилик, қишлоқ хўжалиги палатаси ҳузуридаги “Формапер” агентлиги (Италия) ҳамкорлигида Европа Иттифоқининг “Эҳтиёжманд оилаларга даромад манбаларини яратишда ижтимоий ёрдам кўрсатиш имкониятларини кенгайтириш бўйича янги дастурлар” лойиҳаси амалга оширилмоқда.

Лойиҳа доирасида Ўзбекистондаги 5та маҳаллада аёлларнинг иқтисодий билимларини ошириш, уларни тадбиркорлик фаолиятига жалб этиш, мазкур йўналишда ижтимоий шерикликни янада ривожлантириш кўзда тутилган. Ўтган давр мобайнида лойиҳа доирасида муайян ишлар бажарилди. Ҳудудларда давлат ва нодавлат ташкилотларидан, хусусан Савдо-саноат палатасининг ҳудудий тузилмаларидан иборат Жамоатчилик гуруҳлари фаолияти юритиб келмоқда.

Жорий йилнинг 19 июнь куни соат 9:30да “Wyndham” (собиқ “Dedeman”) меҳмонхонасининг катта анжуманлар залида лойиҳанинг якуний анжумани ташкил этилади. Тадбирнинг мақсади – лойиҳа натижаларини эълон қилиш, лойиҳа доирасида жорий этилган механизм тўғрисида фикр ва тажриба алмашиш ҳамда истиқболдаги ҳамкорликни муҳокама этиш. Тадбирда давлат, нодавлат ва халқаро ташкилотларнинг раҳбарлари ва вакиллари иштирок этиши кўзда тутилган.