АҚШ бошчилигидаги аксилтеррорчи коалиция "ИШИД"нинг интернетда олиб бораётган тарғиботига етарли даражада қаршилик кўрсата олмаяпти. Бу борадаги расмий маълумотлар The New York Times газетасида чоп этилди.

АҚШ давлат котибининг дипломатия ва жамоатчилик билан алоқалар бўйича ўринбосари Ричард Стенгел томонидан коалицияда иштирок этаётган давлатларнинг Парижда бўлиб ўтган йиғилишидан сўнг тайёрланган ҳисоботда айтилишича, коалиция ички ва ташқи коммуникацияни қўллаб-қувватлашнинг уддасидан чиқа олмаяпти. Ҳисобот АҚШ давлат котиби Жон Керри учун тайёрланган бўлиб, журналистлар қўлига тасодифан тушиб қолган.

Таъкидланишича, ахборот курашини юритиш учун АҚШ, Буюк Британия ва Саудия Арабистони вакилларидан иборат хабарлар билан ишлаш гуруҳи ташкил этилган. Аммо ушбу гуруҳ ходимлари ҳозирча ягона жамоа бўлиб ишлай олмаяпти.

“Ташқи коммуникацияга келсак, воқеаларга ўз назаримизни етказишда биз "ИШИД"дан енгилмоқдамиз, – дейилада ҳужжатда. – Биз фақат жавоб бериш ҳақида ўйлаймиз, воқеаларни ўз нуқтаи назаримиздан ёритишни ўйламаймиз. Шу боис гуруҳни ислоҳ қилиш керак. У 20 кишидан иборат бўлсин ва Ироқда ишласин. Бу оддий ечимга ўхшайди лекин юзлаб сабаблар борлигидан буни амалга ошириш анча қийин”.