АҚШнинг Шимолий Каролина штатининг Брансуик округида икки нафар ўсмир акула ҳужумидан кейин жиддий жароҳатлар олди. Иккала воқеа ҳам 14 июнь куни ярим соатлик фарқ билан бир жойнинг ўзида содир бўлди, деб хабар бермоқда Reuters ахборот агентлиги.

Аниқланишича, акула томонидан биринчи ҳужум соат 16:00 атрофида рўй берган. Ҳужум оқибатида 14 ёшли қиз қўлининг бир қисмидан айрилгани ва олинган жароҳатлардан оёғидан ҳам айрилиши мумкинлиги айтилмоқда. Қизни яқин орада сузаётган эркак қутқариб олган. Ярим соатларча ўтиб шу пляжнинг ўзида акула яна бир 16 ёшли ўсмирнинг қўлини тишлаб олган. Жабрланганлар вертолёт билан шифохонага етказилган.

Полициячилар ва қутқарувчилар соҳилбўйини назорат остига олди. Соҳил бўйлаб сувга киришни тақиқловчи қизил байроқлар қўйиб чиқилди. Пляж жойлашган Оук Айленд шаҳри мэри Бетти Уоллеснинг айтишича, ҳокимият пляжни ёпиб қўйиш масаласини кўрмоқда.