ХХРдаги энг йирик нефть-газ компанияси – CNPC бош директори Ляо Юнъюань Хитой коммунистик партияси таркибидан чиқариб ташланди. Бу ҳақда партия ахлоқ-одобни текшириш марказий қўмитаси расмий сайти орқали хабар қилинди.
Унга нисбатан текширув ишлари қўмита томонидан март ойининг ўрталарида бошланган эди. У ХХР қонунларини бузишда ва тартиб-интизомга риоя қилмасликда айбланган эди. мутахассисларнинг таъкидлашича, “тартибни жиддий равишда бузиш” деганда партия ҳужжатларида одатда коррупция билан боғлиқ қилмишлар тушунилади.
Бундан ташқари, партия таркибидан ХХР савдо-саноат маъмурияти бош бошқармаси раҳбари ўринбосари Сунь Хунчжи чиқарилган. Унинг юзасидан тафтиш ишлари 2014 йилнинг декабрида бошлаб юборилган эди. У ҳам порахўрликда ва хизмат ҳолатини суиистеъмол қилишда айбланмоқда.
Хитойда коррупцияга қарши кураш кампанияси 2012 йилдан буён, Си Цзиньпиннинг ҳокимият тепасига келишидан бошлаб давом этмоқда. Бунинг юзасидан Бутунхитой халқ вакиллари йиғилиши расмий вакили Фу Ин “порахўрлар ер остидан бўлса ҳам” қўлга олинишини айтиб огоҳлантириб қўйган эди.